1

Парҳезшунос байрам оқшомида бош кўтарадиган сурункали хасталиклардан огоҳлантиради

САЛОМАТЛИК 31.12.2022, 11:29
Парҳезшунос байрам оқшомида бош кўтарадиган сурункали хасталиклардан огоҳлантиради

Янги 2023 йил кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Уй бекалари уйни қандай безатиш, кимга қандай совға ҳозирлаш ва албатта, байрам дастурхонига қандай таомлар тайёрлаш ҳақида режа тузишяпти. Байрамда турли-туман, хилма-хил маҳсулотларни дастурхонга қўйиб, ҳаммани қойил қолдириш ҳақида бош қотиришмоқда.

Шу ўринда унутмаслик керакки, инсон саломатлиги овқатланиш таркибига, яъни маҳсулотлар ва таомларнинг сифати, қандай тайёрланганлигига, қанча миқдорда истеъмол қилишга бевосита боғлиқ бўлади. Тўғри овқатланиш барча касалликларининг олдини олишда ва сурункали ҳолатларни зўрайтирмасликда аҳамиятлидир. 

Парҳезшунос Гулжаҳон Йўлдошевадан тавсиялар:

Кўп овқат соғломни касал қилар

Буюк бобокалонимиз Ибн Сино айтганидай: “Энг ёмон овқат ошқозонга оғир ботадигани, энг ёмон ичимлик меъдани ортиқча тўлдирадиганидир”. Шунинг учун шифокорлар бир ўтиришда одатдагидан кўпроқ овқат истеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантиради. Чунки бир мартада “бўкиб” ейиш оқибатида ошқозон ва қизилўнгач ўртасида жойлашган пастки қизилўнгач сфинктерига босим кучаяди. Ошқозон таркибидаги овқат қизилўнгачга қайтиб, жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин. Бу маслаҳат нафақат кексалар ва сурункали касаллиги бўлган беморларга, балки соғлом одамларга ҳамда болаларга ҳам тааллуқлидир.

Агар овқатлангандан кейин кишининг юрак уриши тезлашмаса ва нафас олиши равонлиги қисқармаса, истеъмол қилинган овқатни меъёрида, деб айтиш мумкин. Кимда овқатланишдан кейин иссиқлик, терлаш пайдо бўлса, қорин шишса, демак, у меъёрдан ортиқ овқат еган ва ошқозон буни ҳазм қилолмаётган бўлади. Бундай инсонлар кам-камдан, тез-тез овқат истеъмол қилишлари лозим.

Кексалар дастурхони

Янги йил арафасида 60 ёшдан ошганлар янада эҳтиёт бўлишлари керак. Байрам бўлса ҳам парҳезни бузмаслик талаб этилади! Алкогол ичимликлардан ўзни тийиш муҳим. Унинг ўрнини мева шарбатлари ёки компот билан тўлдиришни таклиф қиламиз. Қовурилган ва ёғли таомлар ўрнига эса ҳазми осон салатлар, аввал суюқ, кейин қуюқ таомларни истеъмол қилиш маъқулдир. Чунки кунлик тартиб ва парҳезнинг кескин ўзгариши сурункали касалликларни кучайтириши мумкин.

Албатта, байрам столида фақат тушлик ва кечки овқат вақтида ўтириш мақсадга мувофиқдир. Агар дастурхон атрофида узоқ ўтирсангиз, кўп таом еб қўйиш ва барча нарсани қориштириб истеъмол қилиш эҳтимоли ортади. Бу эса саломатлигингизга зиён етказиши эҳтимолдан холи эмас.

Таомлангандан кейин эса тоза ҳавода сайр қилиш фойдали.

Сурункали ошқозон-ичак касаллиги бўлса...

Янги йил байрами ошқозон-ичакда сурункали касалликлари бўлганлар учун алоҳида синов бўлиши мумкин. Агар сизда касалликнинг кучайган даври бўлса, сизга шифокорингиз билан байрам парҳези ҳақида маслаҳатлашиш ва унга қатъий риоя қилишни тавсия қиламиз.

Агар хасталикнинг тинч даври бўлса, сизга кўп ва пала-партиш овқатланмасликни, шунингдек, кечгача оч қолмасликни тавсия қиламиз. 31 январда кечки овқат вақти бўлгунча нонушта, тушлик ва соат 16.00 даги тамаддидан воз кечмаслигингиз керак. Лекин ҳар сафарги егулик миқдорини камайтириш яхшироқдир. Шу билан бирга байрамона стол атрофига ўтирганда кечки овқатни енгил газаклар ва суюқ шўрва билан бошланг. Меъдани бузадиган совуқ газли ичимликлар ўрнига кўк чой ичиш мақсадга мувофиқ.

Қон босимингиз ошмаслиги учун

Ҳозирги вақтда артериал қон босими кўтарилиши кўпчиликда учрайдиган муаммо. Агар сизда калорияли ҳамда қовурилган овқатлардан қон босими ошиши хавфи бўлса, байрамни оқилона ўтказиш учун бир нечта маслаҳатга амал қилинг. Сурункали юрак-қон томир хасталиги бўлган кишилар соғлом овқатланиши даркор. Бунда ёғлилиги паст гўштлар, шираси кам мевалар, ўсимлик ёғи, сут-қатиқ маҳсулотлари  ва улардан тайёрланган овқатлар айни муддао.

Байрам дастурхонидаги тузланган ва шўр егуликларга ҳавас қилмаганингиз маъқул. Агар жуда ҳам егингиз келса, минимум даражада татиб кўришингиз мумкин. Бу чеклов енгил углеводлар ва ширинликка ҳам тегишли. Чунки булар гипертониядан азият чекаётганларга ўта зарарли. Кўкат ва сабзавотларни бажонидил истеъмол қилишингиз мумкин.

Қандли диабетингиз бўлса...

Биз ҳаммамиз Янги йил оқшомига салатлар тайёрлашни яхши кўрамиз. Салатларга эса майонез солинади. Бу маҳсулот қандли диабетда тавсия қилинмайди. Унинг ўрнига сметана, йогурт ёки 2-3 томчи лимон шарбати томизилган ўсимлик ёғидан фойдаланишингиз мумкин. 

Оддий таомларга устунлик беринг, асосий таомга қўшимча равишда 2-3 та енгил газак тайёрланг. Биринчисига енгил шўрва, иккинчи таом учун димлаб ёки буғда пиширилган балиқ ё товуқни танлашингиз мумкин. Балиқ ва ёғсиз гўшт янги, қовурилган ёки қайнатилган сабзавотлар билан иштаҳали бўлади. Бунда сабзавотлар гўшт ёки балиқдан икки баравар кўп бўлиши керак.

Панкреатит қийнамасин, десангиз

Агар сизда сурункали меъда ости бези касаллиги (панкреатит) бўлса, унинг ремиссия (ухлаган даври) вақтида байрам дастурхонидаги ёқтирган таомларингизни оз-оздан ейишингиз мумкин. Аммо қаттиқ қовурилган ва ўта ёғли овқатлардан ўзни тийинг. Хасталикнинг уйғонган даврида даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Кўпинча бу ҳолатда шифокорлар ёғсиз, зираворсиз, хамирсиз ва суюқ овқатларни тавсия қилади. 

Тажрибада аниқланишича, табиий маҳсулотлар кўпроқ ейилганда 50 фоиз ҳолларда ҳазм қилиш аъзолари яхши ишлайди. Натижада меъда-ичаклар иши осонлашиб, организмнинг овқат ҳазмига сарфланадиган энергияси бирмунча тежалади.

Байрамона самимий кечки овқатдан сўнг, зефир, мевали желе ёки кислоталиги кам бўлган мевалар ёғли тортдан афзалроқ бўлади. Мисол учун, олма ва нок қўшилган ёғсиз йогурт ҳам таъбингизга ёқиши тайин.

Артроз ва артритларда

Артроз ва артрит билан оғриган беморлар овқатлардан бирини ўтказиб юборишлари мумкин. Очлик танани аутоиммун жараёнлардан тозалайди ва бўғимлардаги зўриқиш аломатларни камайтиради. 

Ревматоидли артрит, подагра ва артрозлар билан оғриган одамлар парҳезига сариёғда пиширилган таомларни киритиш керак. Умуман олганда, ошқозон-ичак тизими касалликлари билан оғриган беморларнинг овқатланиши артрит, артроз ёки диабет билан оғриган беморларники билан деярли бир хил. Улар таомномада сут-қатиқ маҳсулотлари, айниқса творогга кенгроқ ўрин беришлари зарур. Бу маҳсулот бўғим ва суякларни мустаҳкамлашга, умуман барча аъзоларни соғломлаштиришга ва ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Тўйиб овқатлангандан кейин кўп миқдорда ширинлик истеъмол қилишдан сақланинг. 

  Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

"Даракчи" газетаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1