Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ўзбекистонда “ДОК-1 Макс” сиропини қабул қилиш ортидан вафот этган болалар ўлими юзасидан Ўзбекистон расмийлари билан алоқадалигини маълум қилди. Бу ҳақда АНИ неwс хабар берди.
“Биз Ўзбекистон расмийлари билан алоқадамиз. Ҳали ҳам маълумот йиғиш ва уларни тасдиқлаш жараёнидамиз”, — дея ЖССТ нашрга маълумот берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди. 30 декабрдан бошлаб эса Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ўзбекистондаги барча дори воситаларининг савдоси тўхтатилди.






