Янги йилнинг илк куни яна бир шов-шув ва муҳокамалар билан бошланди. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий комуникациялар университети ректори Шерзод Қудрахўжанинг телеканалдаги кўрсатувда мактабларда ўқитилаётган фанлар ҳақидаги фикрлари кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
"Ҳозир мактабларда 22 та фан ўқитилади. Фанларни ва дарс соатларини қайта кўриб чиқишимиз керак. Масалан, биз ёшлигимизда физика ва кимё фанларига жуда чуқур кириб кетиб ўқиганмиз. Лекин ҳозир менга бу фанлар керак бўлмаяпти. Ҳамма ҳам физик бўлавермайди..." деган у.
Унинг бу фикрлари муҳокама ва танқидларга сабаб бўлгач, Қудратхўжа баёнот билан чиқди.
“Физика ва кимёни ўргатишда эски қолиплардан воз кечиш керак, демоқчи эдим. Табиий фанлар ҳақидаги фикрларим нотўғри талқин қилинди", - дейди мурожаатида.
Айни пайтда ушбу ҳолатга Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам муносабат билдирди:
Мактабларда физика ва кимё фанлари қисқартирилиши юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мунозараларга таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида фикр билдириб ўтмоқчиман.
Келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш керак эмас, дейиш мумкин эмас. Сабаби ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шарт.
Физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланади. Бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлади. Шундай экан, таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида ушбу фундаментал фанларни мактаб ўқувчиларига ўқитилишини бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламан. Аксинча, эндиликда биз мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотиришимиз ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътиборимизни қаратишимиз зарур", - деди янги тайинланган вазир.






