АсосийЖАМИЯТ

Тошкентнинг энг рейтинги паст тумани қайси экани маълум қилинди

Ўтган йил натижаларига кўра, Xalqnazorati.uz'да рўйхатдан ўтган 16 400 нафар фойдаланувчид...

'Тошкентнинг энг рейтинги паст тумани қайси экани маълум қилинди'ning rasmi

Ўтган йил натижаларига кўра, Xalqnazorati.uz'да рўйхатдан ўтган 16 400 нафар фойдаланувчидан 28 542 та мурожаат тушган бўлиб, бу 2021-йилга нисбатан 7 баравар кўпроқ (3 916 та мурожаат).

Мурожаатларнинг аксариятини эркаклар йўллаган (76,0%), аёлларнинг улуши анча кам (24,0%). 2021-йилда бу нисбат 79% ва 21% кўринишида эди. Демак шаҳримиз аёлларининг ижтимоий фаоллигида бироз ўсиш бор.

Энг фаол ёш гуруҳи — 35—44 ёш бўлиб, унга барча мурожаатларнинг 39,7% тўғри келади. Бошқа ёш гуруҳларининг фаоллиги қуйидагича: 25—34 ёш — 35,8%, 45—54 ёш— 12,1%, 55—64 ёш — 6,7%, 17—24 ёш — 3,5%, 65—74 ёш — 1,8%. 75 ёш ва ундан катта шахслардан мурожаатларнинг 0,4% тушган.

Ҳар 10 минг аҳолига ҳисоб қилинса, мурожаатларнинг катта қисми Яккасаройга — 165 та, Бектемирга — 160 та ва Мирободга — 155 та тўғри келган. Энг кам мурожаатлар Олмазор — 56 та ва Шайхонтоҳурдан — 59 та тушди.

Йилнинг рейтинг чўққиси Яшнобод туманига тааллуқли. Иккинчи ўрин — Янгиҳаётда, учинчиси — Яккасаройда. Бундан сўнг, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Сергели, Юнусобод ва Бектемир туманлари. Охирги ўринда — Мирзо Улуғбек тумани.

Рейтингга (бошқа омиллар қатори) берилган жавобларнинг умумий сонида “қуруқ” жавобларнинг улуши салмоқли таъсир кўрсатади. Маълумоти кам, расмий жавобларнинг аксарияти Чилонзордан (36%), Мирзо Улуғбекдан (17%), Шайхонтоҳурдан (16%) ва Бектемирдан (13%) берилган. Қуруқ жавоблар энг кам туманлар: Миробод ва Олмазор — 6% дан, Янгиҳаёт, Учтепа ва Яккасарой — 7%дан.

Ижтимоий тармоқлар (асосан telegram ва facebook канал ва гуруҳлари) мониторинги натижасида 1840 та мурожаат расмийлаштирилган бўлиб, улардан 1766 таси ижобий ҳал қилинган, 54 таси кўриб чиқилмоқда, 20 тасининг муддати ўтган. Келиб тушган масалалар энг яхши тарзда Бектемир (100%) ва Шайхонтоҳур (100%) туманларининг хизматлари томонидан ҳал қилинмоқда. Ўрта натижа — Олмазор туманида (86,7%). Ижтимоий тармоқларда қўйилган салбий постларнинг аксарияти Юнусобод (420), Мирзо Улуғбек (223) ва Чилонзор (220) туманлари коммунал хизматларига тегишли.

    Бошқа янгиликлар