Ўзбекистонда совуқ арктик антициклон таъсири кучайишда давом этмоқда. "Ўзгидромет" етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг хабар қилишича, эртага, 11 январь эрта тонг совуқ антициклон перифериясининг минтақага "чуқурроқ" кириб келиш фонида республиканинг катта қисмида жуда паст ҳароратлар бўлиши мумкин.
Хусусан, Ўзгидромет маълумотларига кўра, Қорақалпоғистонда -25 даража; Устюртда -30 даража,
Хоразмда -23 даража, Бухоро ва Навоийда -18 даража;
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида -17 даража;
Қашқадарё ва Сурхондарёда -13 -15 даража;
Фарғона водий вилоятларида -10 даражагача совуқ ҳарорат бўлиши прогноз қилинмоқда.
Пойтахт Тошкентда ҳам ҳарорат -12 -14 даража совуққача пасайиши кутилмоқда.

Юқорида ''COSMO_CA'' миллий оператив прогностик моделида 11 январь соат 08.00 да ҳудудларда кузатилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари келтирилган. Бу муддатдаги ҳаво ҳарорати қийматлари суткалик минимум ҳароратларга яқинроқ бўлади.
Мутахассисга кўра, совуқ антициклон "кўзи" Ўзбекистон шимолидан жуда яқин ўтиши ойдинлашмоқда. Ҳозир эса кўплаб ҳудудларда кўп қорлар ёғмоқда. "Арктик бўронлар" каби... Бу каби манзаралар охирги йиллар асосан тоғларда кузатилаётган эди.
Антициклоннинг Ўзбекистонга бу қадар чуқур кириб келиши анчадан бери кузатилмаётган жараён эди. 12-13 январь кунлари Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегара ҳудудларидан антициклон ядроси жуда яқин ўтади.
Бунда Ўзбекистоннинг шимолий, Жиззах вилояти шимолий қисмларида атмосфера босими юқори кўтарилиб, 1050 -1055 гПа га яқинлашади.
Республиканинг катта қисмида ҳаво ҳарорати минимумлари ҳам айнан шу кунларига тўғри келади.






