2023 йил 11 январь куни Самара-Чимкент автомобиль йўлининг 1153 километрида, Ирғиз туманидан 20 км узоқликда йўловчи автобуси йўлда қолиб кетгани ҳақида маълумот келиб тушган. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Автобусда 3 нафар Қозоғистон ва 38 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган.
Ноқулай об-ҳаво, йўлнинг ёпилиши муносабати билан барча йўловчилар Ирғиз қишлоғидаги умумтаълим мактабига жойлаштирилган.

Шу куни Самара-Чимкент автомобил йўлининг 968-километрида, Қорабутоқ қишлоғидан 2 км узоқликда, йўловчи автобуси учун ҳам ёрдам зарурлиги ҳақида маълумот келиб тушган. Ушбу автобусда жами 31 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Улар Қорабутак қишлоғи масжидига жойлаштирилган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёмон об-ҳавода кўчага чиқмасликни қатъий тавсия қилмоқда.






