Энди жисмоний шахслар қиймати 100 млн. сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 млн. сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишлари мумкин. Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-452-сон қарорида белгиланди.
Янги тартибга кўра, Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишлари мумкин.
2023 йил 1 февралдан бошлаб аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар
- ️қимматбаҳо металларни ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда;
- ️божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган қимматбаҳо металларни ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия олиш мажбуриятидан озод этилди.
2026 йил 1 январга қадар марварид, олмос, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларга (ТИФ ТНнинг 7101-7104 позициялари) импорт божхона божлари 0 фоиз этиб белгиланди.






