Ўзбекистонда 10 январдан бошлаб башорат қилинганидек, қор ва совуқ кунлар бошланди. Шунга кўра, сал аввал барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил кунлари узайтирилди, боғчаларда эса навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. Бироқ 10 январь куни тўсатдан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ОТМ, техникум ва мактабларда 11 январдан даврслар бошланиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейинчалик маълум қилинишича, ҳар бир ҳудудда ҳокимликлар об-ҳаводан келиб чиқиб, дарсларни қайси санадан бошлашини ўзлари ҳал қилишлари айтилди, боғчаларда ҳам қишки таътил муддатини ҳал қилиш ҳокимликларга юклатилди. Кеча, 11 январдан қатор ҳудудларда ҳокимликлар буйруғи билан ўқишлар бошланиши эълон қилинди. Совуқ кучайган бир пайтда бу буйруқлар деярли бажарилмади, аксинча кескин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди.
Айни пайтда Ўзбекистондаги ҳудудларда дарсларни тўхтатиш ва қишки таътилни узайтириш ҳақида ҳокимлик буйруқлари чиқа бошлади.
Жумладан, Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида кеча, 11 январь кунидан анъанавий тарзда ўқиш бошланган эди. Бироқ совуқ об-ҳаво шароитида кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, Бухородаги барча таълим муассасаларида ўқиш 16 январь кунидан бошланиши белгиланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, мактабгача таълим масканлари ҳам ўз ишини 16 январь кунидан бошлайди.






