Ўзбекистонда кеча, 10 январдан бошлаб башорат қилинганидек, қор ва совуқ кунлар бошланди. Шунга кўра, сал аввал барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил кунлари узайтирилди, боғчаларда эса навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. Бироқ кеча, 10 январь куни тўсатдан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ОТМ, техникум ва мактабларда 11 январдан даврслар бошланиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейинчалик маълум қилинишича, ҳар бир ҳудудда ҳокимликлар об-ҳаводан келиб чиқиб, дарсларни қайси санадан бошлашини ўзлари ҳал қилишлари айтилди, боғчаларда ҳам қишки таътил муддатини ҳал қилиш ҳокимликларга юклатилди. Кеча тунга қадар, туман ҳокимликлари томонидан дарсларни бошлаш ҳақида бирида бор, бирида йўқ қарорлар эълон қилинди. Бу қарорлар ҳам фақат айрим ҳокимликлар каналларида бор, баъзилари ҳатто муносабат ҳам, аниқлик ҳам киритмаган.
“Соқов” вилоят ҳокимликлари" дея ёзмоқда Хушнудбек Худойбердиев.
"Соат миллари 00:00 дан ўтиб, тақвим 11 январь санасини кўрсатган бир ҳолатда қуйидаги вилоят ҳокимликлари мактабларда ўқиш бошланиш ёки бошланмаслиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади:
1) Сирдарё вилояти;
2) Навоий вилояти;
3) Тошкент вилояти;
4) Жиззах вилояти (вилоят ХТБ эълон қилди);
5) Наманган вилояти (Наманган шаҳар ҳокимлиги эълон қилди).
Гап айнан вилоят ҳокимлиги ҳақида кетмоқда, қанақадир гуруҳлар ёки бошқа каналларда берилган маълумотлар ҳисобмас.
Агар шу вилоятлардаги мактабларда бугун ўқиш бўлса, унда ушбу вилоят ҳокимликлари масъулларида 1 грамм масъулият йўқ экан. Уялинглар", - дейди блогер ва ҳуқуқшунос.
Бугундан қатор таълим муассасаларида дарслар бошланиши бўйича буйруқ берилган бўлса-да, деярли ўқувчи ва талабалар дарсга бормаган. Ўқитувчилар эса нима қилишини билмаяпти. Бу ҳақдаги муҳокамалар, хабарлар ва саволлар айни пайтда ижтимоий тармоқ каналларида ва гуруҳларда кенг муҳокама ва саволларга сабаб бўлмоқда.

Ўқитувчиларнинг ёзишича, бугун айрим синфларда атиги 2 нафар ўқувчи ўтирибди, қолганлар дарсга келмаган. Биз нима қилайлик, деб ўқитувчилар ҳайрон.
"Қизиқ, нега кўпчилик дарсга келишмади, экан-а? Ахир ҳокимлар тунги соат 10-11 да уйма-уй юриб, ҳаммани уйғотиб, эртага дарс бўлишини айтиб чиқишмадими? Товба, одамларга ҳам ҳайронсан, мундоқ бир интернетга қараб туришса бўлмасмиди, ярим кечаси айтиладиган хабарларни ҳам ўқишга мажбур-ку", дея ҳолатга кинояли қилиб ўз изоҳини ёзиб қолдирди Хушнудбек.






