АсосийЖАМИЯТ

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфси...

'Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Унда Қуролли Кучларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, соҳадаги вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот майдонига бирлаштириш зарурлиги таъкидланди. Қайд этилишича, Мудофаани бошқариш миллий маркази бу тизимнинг ўзаги бўлади.

Ҳарбий таълим дастурларини илғор тажриба асосида янгилаш, педагоглар малакасини ошириш, Ҳарбий инженерлар мактабини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистоннинг сафарбарлик соҳасидаги тайёргарлиги ва ҳудудий мудофаасини ташкил этиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Қўмондонлик таркибининг қўшинларни бошқариш ва воситаларни қўллаш бўйича малакасини ошириши зарурлиги қайд этилди.

Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили Қуролли Кучларимиз жанговар қобилиятини оширишни тақозо этмоқда. Шу боис миллий армияни замонавий техникалар билан таъминлаш, жумладан, ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш долзарблиги таъкидланди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Улар учун ипотека асосида кўп қаватли уйлар қуриш, ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини тартибга солиш, ҳарбий тиббиёт муассасалари шароитларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони сўзининг якунида барча ҳарбийларни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

    Бошқа янгиликлар