1

Нукус воқеалари бўйича судланувчилардан бири Лолагул Каллиханова бошқа судланувчилар учун ҳам қамоқда ўтириб беришга розилигини билдирди

ЖАМИЯТ 14.01.2023, 22:13
Нукус воқеалари бўйича судланувчилардан бири Лолагул Каллиханова бошқа судланувчилар учун ҳам қамоқда ўтириб беришга розилигини билдирди

1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар юзасидан 28 ноябрда бошланган судда тергов жараёни якунланди.

Манбанинг хабар беришича, шундан сўнг музокаралар бошланиб, давлат айбловчиси суддан гумондорларга маълум жазоларни, шу жумладан, журналист Лолагул Каллихановага 11 йил қамоқ жазосини беришни сўради.

Адвокатлар чиқишидан кейин судланувчиларга ҳам ҳимоя учун сўз берилди. Makan.uz интернет-нашри маъмури Лолагул Каллиханова қилган қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги, сўнгги «ўйламай қилган» видеомурожаати, Makan.uz сайти орқали чиқарилган материаллар сабаб тинч халқни бузғунчиликка бошлаганини тушуниб етганини қайд этди.

«Ҳурматли суд қатнашувчилари, қилган қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймон эканлигимни билдираман. Мен ўзимнинг сўнгги ўйламай қилган видеомурожаатим, Makan.uz сайти орқали чиқарилган материаллар орқали тинч халқни бузғунчиликка бошлаганимни, шунча одамнинг умрига зомин бўлганимни, қанчадан-қанча одам қамалганини яна терговга олиб келинганини англаб етдим», — деди у.

«Мен Ўзбекистондан шу кунгача озодликда ҳам, ҳатто қамоқда ётганимда ҳам фақатгина ғамхўрлик кўрдим. Ҳеч қачон ёмонлик кўрмадим. Тергов жараёнида ҳам мен билан инсоний муносабатда бўлишди. Бироқ, қамалаётганимда жуда кўп ёмон нарсаларни кутгандим. Ўзимнинг фикрим ёмон бўлгани ортидан давлатдан ёмонлик кутганимдан, халқимга зарар етказганимдан жуда уятлиман. Терговда холимдан хабар олиниши бу фақат одамгарчиликнинг белгисидир. Шу ўринда бундай ишларнинг амалга оширилишига (тергов жараёнидаги инсоний муносабатлар назарда тутилмоқда — таҳр.) бошчилик қилаётган раҳбарларга, ҳурматли президентимизга мингдан минг раҳмат айтаман», — деди судланувчи.

Лолагул Каллиханова шунингдек, «бу ҳолатлар учун давлат раҳбаридан кечирим сўролмайман, бунга юзим чидамайди» дея таъкидлади.

«Кеча Жўқорғи Кенгес раиси келганда ҳам айтгандим, судланувчилар орасида 1998 йилда туғилган бола ҳам бор. У 25 ёшга чиққани билан барибир мен учун ёш боладай. Бизларга ўхшаган одамларга эргашиб кетгани ўзининг қатъий бир фикри бўлмаганини англатади. У бола Тошкентда ишлаб юрган жойидан тунги соат 02:00 да қайтиб келиб, ҳатто уйига бормай, тўғри намойишларга қўшилиб кетган. Бу фақат битта мисол. Бунга ўхшаган қанча мисоллар бор яна? Унга ўхшаган қанча бола кетди яна? Қанчадан-қанча оила барбод бўлди», — деди у.

«Эрталаб уйидан бозорга, ишга, ўқишга кетдим деб кетиб қайтиб келмаган 19 нафар одамнинг ўлими, шу воқеалар сабаб бир неча юзлаб одамларнинг 6 ойлаб қамоқда ўтиришига мен сабабчи бўлган бўлсам, мен жазога лойиқман, рости», — деди журналист.

«Мисол учун ўша 1998 йилда туғилган йигит ортимда ўтирибди. Сейдабулла Медетов деган йигит Makan.uz`dan олиб, нусхалаб босган сўзлари бошига бало бўлиб турибди. 8−5 йил қамоқ сўраляпти. Шуларнинг барчасига мен сабабчиман. Халқнинг олдига чиқиб гапирадиган одам айтадиган сўзини 7 марта эмас, 70 марта ўйланиб гапириши керак эканлигини энди тушиниб етяпман. Бу жуда ўкинчли ҳолат», — дея қайд этди айбланувчи.

«Суднинг биринчи кунида ҳам бу сўзларимни айтгандим. Мен аллақачон виждоним олдидаги бир умрлик судда жавоб беришга маҳкумман. Мен ўзим ҳимоя қилмоқчи бўлган Ватанимга, халқим бошига шу кунларни солганим учун ўзимни айбдор деб биламан. Шунинг учун ҳурматли раислик қилувчи, сиз мен қилган жиноятга қандай жазо берсангиз ҳам, Жиноят кодексида қандай жавобгарлик бўлса ҳам розиман. Мен билан судланаётганларга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо берсангиз. Улар учун ҳам [ўзим] қамоқда ўтириб беришга розиман», — деди Лолагул Каллиханова.

Унинг сўзларига кўра, бошқа судланувчилар дастлабки терговда Лолагул аёл киши бўлгани боис танимаслигини айтишган.

«Менимча, улар менинг аёл киши бўлганим учун мени сотмаган. Менга қарши кўрсатма бермаган. Бунга йигитлик ор-номуси йўл қўймаган. Аслида эса уларнинг кўпчилиги Makan.uz`dagi видеомурожаатим сабаб воқеаларга аралашиб қолган», — деди у.

Гумондор «булар суд олдида эмас, балки виждони олдида айтмоқчи бўлган сўзлари» эканини таъкидлади.

«Ҳурматли ёшлар ҳар доим ота-онангизни, яқин қариндошларингизни маслаҳатини олинг. Фақат тинчлик тарафдори бўлинг. Халқнинг ишончига кириб юрган бўлса ҳам бегона одамнинг гапларига ишонманг. Ҳеч қачон менга ўхшаган одамларнинг, қиз боланинг гапига эргашманг!» — дея қайд этди судланувчи.

Унинг фикрича, қамоқда ўтириб, кимга эргашиб бошимга бу савдолар тушди, деб ўйлаганда аллақачон кеч бўлган бўлади.

«Сизга ота-онангиздан, туғишганларингиздан ҳам яқинроқ қайғурадиган одам йўқ. Сиз қамоқда ўтириб ота-онангиз ҳақида минг қайғурганингиз билан уларга ҳеч қандай ёрдам беролмайсиз. Ҳурматли ота-оналар фарзандларингизни Telegram, Whatsapp, Youtube`даги аккаунтларини назорат қилиб боринг. Ҳозир бизлар хавфли ахборот кураши асрида яшаяпмиз. Биргина видео фарзандларингизнинг, ўзингизнинг умрингизни остун-устун қилиб юбориши мумкин. Бунга мисол мен! Бу ерда ўтирганлар мен қилган ишларни қилманг. Ҳам сўрарим қўлингиздан келса, мени кечиринг», — дея сўзлади Лолагул Каллиханова.

«Мен ҳозир 244−1-модда билан айбланаяпман, лекин менинг ўзимда сепаратизм бўлмаганди. Фарзандларингиз бизларга ўхшаб одамларни, қиз болани сўзига эргашиб кўчага чиқиб кетишларига йўл қўйманг. Улар ҳам ҳаёлига келтирмаган моддалар билан айбланиб кетишлари мумкин. Шунинг учун илтимос фарзандларингизни назорат қилиб боринг доим, телефонларини текшириб туринг, қандай видео кўряпти. Кеча кўрдим 2001 йил ё 2002 йилда [туғилган], Москвада ўқийдиган бола ҳатто «Алға Қарақалпақстан»га қўшилиб, [уларнинг] ичида ўтирибди. Агар шу видеони кўриб турган бўлсангиз, яна бир маротаба кечирим сўрайман», — деди у.

«Ҳудо ҳаққи, мен 5 июлда бўладиган бўлса, [Даулетмурат Тажимуратов Конституцияни ўзгартиришга қарши] имзо йиғса керак, деб ўйлаб, шу гапларни айтгандим. Лекин тош кўтариб кўчага чиқиб кетади, деб ўйламагандим. Қўлингиздан келса кечиринглар, аслида одам ўлимига олиб келадиган ҳолатлар бўлишини билмагандим. Билганимда ҳеч қачон ундай нарсани оқлаб чиқмас эдим. Сўнгги сўзим шундан иборатки, қилган жиноятим ДХХда ўтирганимда бўйнимга қўйиб берилди, шунинг учун мен қандай жазога муносиб бўлсам мен шу жазони олишга тайёрман», — дея сўзига якун ясади Каллиханова.

Эслатиб ўтамиз, Лолагул Каллихановага Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми «а» банди (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 159-моддаси 4-қисми (Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-моддаси 3-қисми (оммавий тартибсизликлар) ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандлари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айблов эълон қилинган; прокуратура маълумотларига кўра, у Қорақалпоғистоннинг амалдаги ҳукуматини ағдариб ташлаб, ҳудудда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уюшган гуруҳ ташкил этишда айбланаётган Даулетмурат Тажимуратовнинг «гуруҳи билан бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган».

Каллиханова 1 июль куни Тошкентда фаолият юритиб, Makan.uz Telegram-канали орқали сўнгги видеомурожаатини эълон қилгач, йўқолиб қолганди. Дастлаб хорижий манбаларда унинг вафот этган ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, аммо бу гап-сўзлар тезда рад этилди. 8 июль куни Бош прокуратура унинг «ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари» аниқлангани, у шу боис «гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушлангани»ни маълум қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1