Бугун ижтимоий тармоқларда электросеть ходимига нисбатан пичоқ билан таҳдид қилинганлиги қайд этилган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат бўйича маълумот берган "Ҳудудий электр тармоқлари"га кўра, ҳодиса жорий йилнинг 16 январь куни соат тахминан 21.30 атрофида, "Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент ҳудудий филиалининг Чирчиқ электр таъминотига қарашли диспетчерлик хизмати хонасида содир этилган.
Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонаси ходими Иҳтиёр Холметовга нисбатан маҳаллий аҳоли томонидан электр энергияси йўқлигидан эътироз билдирилиб, тазйиқ ўтказилган. Хусусан, Н. В. исмли аёл ўзи билан олиб келган хўжалик пичоғи ёрдамида И. Холметовнинг бўйин соҳасига ўқталиб, унинг ҳаётига таҳдид қилган.
Таъкидланишича, Чирчиқ ШЭТК диспетчерлик хизматига бириктирилган Чирчиқ шаҳар ИИБ ходимлари томонидан нохуш ҳодисанинг олди олиниб, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан бирламчи суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Электромонтёр И.Холметовга биринчи тиббий психологик ёрдам кўрсатилиб, тан жароҳати етказилмагани аниқланган.






