Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов Прага шаҳрининг Vaclav Havel номли халқаро аэропорти тижорат директори Ярослав Филипни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ҳамда Чехия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки давлат ўртасида чартер авиақатновларни йўлга қўйиш, Vaclav Havel номидаги халқаро аэропорт билан ҳамкорликда Ўзбекистон маданияти ва туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон туризм салоҳиятини Чехия оммавий ахборот воситалари ҳамда аэропорт ҳудудида кенг тарғиб этиш, туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон—Чехия форумини ўтказиш, шунингдек, икки давлат оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфотурлар ташкиллаштириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.





