АсосийЖАМИЯТ

Берлинда ўтказилаётган Ўзбекистон иштирокидаги энг катта қишлоқ хўжалиги кўргазмаси давом этмоқда

Жорий йилнинг 20 январида Берлинда «Green week -2023» доирасида кўргазманинг очилиш мароси...

Жорий йилнинг 20 январида Берлинда «Green week -2023» доирасида кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари стенди намойиш этилди.

Кўргазма иштирокчилари, жумладан Германия озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири Жем Ўздемир, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский, Берлин мэри Франциска Гиффай ва бошқалар кўргазма бўйлаб сайёҳатни айнан Ўзбекистон стендидан бошладилар.

Уларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги  делегация кутиб олди.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” стенди бўйлаб экскурсия давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда  мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалигида имкониятлари ва истиқболлари намойиш этилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон стендини катта қизиқиш билан кузатар эканлар, келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ташриф буюрувчиларга шу ернинг ўзида Ўзбекистоннинг сарҳил ва қуритилган меваларидан ҳамда миллий таомларидан татиб кўриб, баҳо беришга имкон яратилди. Таъкидлаш жоизки, 240 квадрат метр майдонга эга Ўзбекистон стендида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 60 дан ортиқ тадбиркорнинг миллий маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Жумладан: 227 турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари – сарҳил ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, қайта ишланган сут ва гўшт маҳсулотлари, ёғ ва ёғ маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари, ун ва ун маҳсулотлари, маргарин маҳсулотлари ва бошқалар мазкур стендларда намойиш этилмоқда.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” стенди ҳудудига ташриф буюрган барча меҳмонларни Ўзбекистондан келган  ошпазлар  тайёрлаган миллий таомлар: палов, сомса, патир нон ва бошқа таомлар билан сийланди ва стенд  жонли тарзда миллий мусиқа садолари остида намойиш этилди.

Ўзбекистон делегацияси Нидерландия, Канада, Грузия, Полша, Мўғулистон, Латвия ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлари билан қизғин учрашувлар ўтказди.

Шу билан бирга, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди.

Дастур режасига кўра иштирокчи давлат делегациялари вазирлари билан ҳам учрашув ва мулоқотлар амалга ошириш белгиланган.

Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик, виночилик, ғалла ва ем-хашак экинларини етиштириш ва бошқа соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.

Голландия, Полша, Латвия ва Канада тадбиркорларининг Ўзбекистонга бизнес миссияларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон шароитида экинларнинг янги турларини етиштириш бўйича илмий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган дастурлар доирасида олимларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқотга киришган ҳамкорлар ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдириб, бу ҳақида илк келишувларга ҳам эришишни бошлашди.

Полша Бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазири Хенрик Ковальчик билан қишлоқ хўжалиги йўналишидаги тадбиркорлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уруғчилик, иссиқхоналар, рақамлаштириш соҳаларида тажриба алмашишни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Кўргазманинг биринчи куни якунлари бўйича Германия дўконларига сублимация усулида қуритилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, Германиянинг  “Гирлос инжиниринг”  компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда музлатгичли омборхона қуриш, кооператив асосида мева ва сабзавотларни қайта ишлаш «Бухерс» компаниялари билан ҳамкорликда экспорт шартномалари имзоланди.

Мазкур кўргазманинг аҳамиятли томони шундаки, бу ерда мамлкатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, ҳамкор ва шерикларни топиш ва амалий натижаларга эришиш учун истиқболли имкониятдир. Шу билан бирга бу каби тадбирлар айни мамлакат экспорт салоҳиятида ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, қишлоқ хўжалигини яшил технология асосида ташкил этиш ва маҳсулот ҳосилдорлигини ошириш ҳам мамлкатимиз учун долзарб ҳисобланади.

«Green week -2023» ўз ишини давом эттирмоқда.

    Бошқа янгиликлар