АсосийJamiyat

Нурободда “Қишлоқ шифокори” дастури доирасидаги қўшимча пул маблағлари тўлаб берилмаётгани маълум бўлди

'Нурободда “Қишлоқ шифокори” дастури доирасидаги қўшимча пул маблағлари тўлаб берилмаётгани маълум бўлди'ning rasmi

Фуқаро Ш.Қудратова ҳамда  Р.Қувандиқов туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли буйруғи билан туман тиббиёт бирлашмасининг “Жом” ҳудудий бўлими ва “Ибн Сино” номли 15-сон оилавий поликлиникасининг оила шифокори вазифаларида, шу билан биргаликда Р.Қувандиқов тегишли буйруқларга мувофиқ ўриндошлик асосида Пастдарғом тумани ҳудудидан келиб фаолият юритиб келишган.    
  
Аммо ушбу тиббиёт ходимларининг ҳар бирига тўланиши лозим бўлган 30 миллион сўмдан бир марталик пул маблағлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара пули тўланмаган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими darakchi.uz'га хабар берди.

Фуқаролар бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний манфаатлари таъминланишини сўраб, Нуробод туман адлия бўлимига мурожаат қилишди.  Туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Н.Рузиев берган маълумотларга кўра,  адлия бўлими ходимларининг аралашуви билан уларга пул маблағлари ўндириб берилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2020 йилдаги ПФ-6110-сон Фармонининг 6-банди талабига кўра “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида  бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджетидан компенсасия қилиниши, мазкур имкониятлардан фойдаланиш учун шифокорлар билан вилоят ҳокимликлари ўртасида шартнома тузиб борилиши, ушбу дастурини молиялаштириш вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
 

    Бошқа янгиликлар