Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши Украинага Европа тинчлик жамғармаси орқали умумий қиймати 500 миллион евро бўлган еттинчи ҳарбий ёрдам траншини беришга келишиб олди. Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича олий вакили Хосеп Боррел маълум қилди.
У, шунингдек, ЕИ давлатлари томонидан Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича Европа Иттифоқининг махсус миссияси учун яна 45 миллион евро ажратиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 15 000 нафар украиналик аскарни асосий тайёргарликдан ўтказиш учун мўлжалланган ушбу миссия 2022 йил охирида Польшада бошланган.
Шу тариқа, 2021 йилда ЕИ томонидан асос солинган Европа тинчлик жамғармаси орқали Украинага ажратиладиган маблағ 3,6 миллиард еврога етади. Айни пайтда, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар томонидан Украинага кўрсатилган ёрдамнинг умумий миқдори 50 миллиард еврога яқинлашди ва бу Европа Иттифоқини Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича дунёда етакчига айланди, деди Боррел.