Қашқадарё вилояти Касби туманида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов darakchi.uz’га хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 23 январь куни Касби тумани, “Қамаши” МФЙ, Қамаши қишлоғида жойлашган Д.Л.нинг яшаш хонадонида қўлбола усулда тайёрланган иситиш печидан табиий газ ёниши оқибатида ҳосил бўлган ис гази дудбурон орқали хона ичига сизиб чиққан. Бунинг оқибатида хонада ухлаб ётган Д.Л. (1992 йилда туғилган), унинг турмуш ўртоғи Д.Қ. (1995 йилда туғилган), вояга етмаган фарзандлари А.Р. (2018 йилда туғилган) ва М.Р. (2020 йилда туғилган) ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Таъкидланишича, Д.Л. ва унинг оила аъзоларининг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳодиса юзасидан Касби тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






