АсосийJamiyat

"Ими-жимида келишилган келишув..." "Яширин хоинлик..." "Бу бизнес одоби, сир эмас..." Газпром билан имзоланган "йўл харитаси": ким ғазабда, ким яхши гумонда, яна кимда қандай тахмин?

'"Ими-жимида келишилган келишув..." "Яширин хоинлик..." "Бу бизнес одоби, сир эмас..." Газпром билан имзоланган "йўл харитаси": ким ғазабда, ким яхши гумонда, яна кимда қандай тахмин?'ning rasmi

Россиядаги бази телеграмм каналлар, ОАВлари “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги, уч томонлама энергетик иттифоқ тузилди” деб хабар беришмоқда. Унда Газпром бошлиғи Миллер ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов билан “йўл харитаси” имзоланганлиги, юқоридаги иттифоқнинг юзага келишига асос бўлди дейилмоқда. Икки кундирки, ҳолат ижтимоий тармоқ фойдалувчилари, Ўзбекистон фаоллари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

"Қизиқ вазият... Нега Ўзбекистон давлат институтлари жамоатчиликка бу борада кенг ва тушунарли хабар бермади? Бу “йўл харитаси”дан мақсад нима, нималар бу келишувда назарда тутилган? Ва бу Ўзбекистоннинг манфаатларига қанчалик мос келади? Худди ими-жимида келишилган келишувга ўхшаяпти. Вазиятни кузатиб, ўрганиб борамиз. Лекин, энергетик мустақиллигимизга реал таҳдид борми, деган ўринли савол пайдо бўлмоқда. Россия, Украинанинг, ғарбий Европадаги кўплаб давлатларнинг геосиёсий мустақиллигини айнан энергетик сектор орқали қарам қилишдан бошлаган эди", - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов

 

"Йўл харитаси. Биз юрадиган йўл харитаси. Лекин биз бу йўлни, бу харитани ва борар манзилни ҳам билмаймиз, ваҳоланки йўлчи-йўловчи бизмиз. Бизни етаклашяпти. Хоҳлаган томонларига. Жарликками, нурли йўлгами, биз билмаймиз. Биз кўрмиз. Пайпаслаб кетаверамиз. Аммо йўлдаги шерик айёр, шафқатсиз, қонхўр..." - дея ёзди Мубашшир Аҳмад.

 

"Газпром билан ўзаро муносабатларнинг барчаси очиқланиши шарт! Халқ шунга қараб баҳо беради: мамлакатни, суверенитетни сотишдими йўқми? Очиқланмаган тақдирда бу тўғридан-тўғри халқга қилинган яширин хоинлик, деб хулоса қилинишига олиб келади", - дейди собиқ депутат Расул Кушербаев.

 

"Ўзбекистон “Ўзтрансгаз” ва “Худудгазтаъминот” газ транспорти тизимини ишончли бошқарувга беришга рози бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, компаниялар бирлаштирилиши ва "Газпром" ёки унинг шоъба корхонаси бошқарувига ўтказилиши мумкин. Умид қиламанки, бу Ўзбекистон имзолаган кўплаб меморандумлар сингари қоғоздаги “йўл харитаси” бўлиб қолади. Агар бунга қадар номақбул сиёсий қарорлар туфайли миллиардлаб зарарлар кўрилган бўлса, эндиликда “Газпром” Ўзбекистоннинг газ транспорти тизимини бошқарувга олса, унда мамлакатнинг энергетик мустақиллигини, умуман, давлат суверенитети хавф остида бўлиши мумкин. Ҳокимият “тижорат сири” ва бошқа баҳоналарга ҳавола қилмасдан, ҳужжат тафсилотлари ҳақида очиқ эълон қилиши керак", - дея тахмин қилмоқда журналист Шуҳрат Латипов.

"Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров Энергетика ва Ташқи ишлар вазирлари билан "Газпром" йўл харитаси тафсилотларини гаплашганини маълум қилди. 

"Бу инсонлар мураккаб даврда мамлакатимиз манфаатлари учун жиддий ва фойдали ишлар қилишмоқда. Бу иш миллий манфаатларимизга зарар эмас, аксинча яхшигина фойда келтирмоқда. Кўп томонлама бўлган бу келишув тугалланса, батафсил ахборот берилади, бу бизнес одоби, сир эмас! Сўз эркинлиги биринчи навбатда масъулиятдир. “Йўл харитаси” билан "шартнома"ни фарқлай олмайдиганлар халқ манфаати учун курашаётган масъулларни хоинликда айблаши, билиб ёки билмай Ўзбекистон манфаатига зид йўналишда ишлашга ўхшаб қолаяпти. Фикримча, мураккаб шароитларда, тўғрисини билмасдан, халқ билан ҳокимиятни бир бирига қайраш - асли хоинликдир. Яхши гумонда бўламиз!" - дейди Қодиров.

Сал аввал, Энергетика вазирлиги ушбу муҳокамаларга жавоб қайтарди.

"Олиб борилган музокаралар ҳамда “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.

Келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади", - дейилади баёнотда.

 

    Бошқа янгиликлар