АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон божхонаси вакили БМТ ишчи гуруҳига раислик қилмоқда

Айни пайтда БМТнинг Женевадаги штаб-квартирасида Ўзбекистон божхона хизмати ходими раислиг...

Айни пайтда БМТнинг Женевадаги штаб-квартирасида Ўзбекистон божхона хизмати ходими раислигида eCMR тартибини амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтмоқда. 

Маълумот ўрнида:
CMR – бу французча «Convention relative au contrat de transport international de marchandises par route» яъни Юкларни халқаро йўлларда ташиш (ЮЙТК) сўзининг қисқартмаси бўлиб, халқаро товар-транспорт юк хати, жўнатувчи, қабул қилиб олувчи ва ташувчи ўртасида автомобиль транспортида юк ташиш мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатдир.
eCMR эса бу юкларни автомобиль транспортида ташиш учун CMR доирасида фойдаланиладиган ЮЙТК жўнатмасининг электрон шаклини англатади.

Бугунги кунга келиб CMR юк хати жўнатувчи, ташувчи ва қабул қилиб олувчи ўртасидаги муносабатларни ўрнатувчи энг кенг тарқалган транспорт ҳужжати ҳисобланиб, айни пайтда нафақат Ўзбекистон Республикаси, балки бошқа мамлакатларда ҳам автомобиль транспортида ташиладиган юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнидаги мажбурий ҳужжат ҳисобланади.
 


Мазкур ҳужжатнинг электрон шаклда жорий этилиши эса 

- маъмурий жараёнларни тезлаштириш; 

- ҳужжатларни қайта ишлаш харажатларини қисқартириш;

- ташиш ва ҳужжатларни имзолаш билан боғлиқ барча жараёнларни кузатиб бориш;

- юк ташиш ва қабул қилиш билан боғлиқ маълумотлар борасида реал вақт режимида доимий маълумотга эга бўлишни таъминлаш;

- давлат органлари томонидан масофавий рақамли назоратни амалга ошириш имконини беради.

Ишчи гуруҳ йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан ваколатли давлат органларига eCMR электрон товар-транспорт юк хати тўғрисида маълумот бериш масаласи кўтарилди ва бир қатор расмий ҳужжатлар киритилди.

Ушбу ҳужжатларнинг асосий мақсади eCMR спецификацияларида шаффофлик принципини бирлаштириш, божхона расмийлаштируви жараёнларида бюрократик тўсиқларни қисқартириш учун юк хати ҳақида дастлабки маълумотларни тақдим этишдир.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон божхона органлари томонидан юкларни автомобиль транспортида ташиш жараёнларини қоғозсиз амалга ошириш борасида салмоқли ишлар бошлаб юборилган.
 

Ҳусусан, ўтган йилнинг 27 декабрь куни Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб, eTIR – электрон халқаро ташувини амалга оширди.
 Ишчи гуруҳ мажлисига Божхона қўмитаси бош инспектори, божхона хизмати майори Эльёр Хакимовнинг раислик қилаётгани ҳам бу борада Ўзбекистон божхонасининг тажрибаси халқаро миқёсда тан олинаётганлиги ва эътироф этилаётганлигини англатади.

    Бошқа янгиликлар