1

⚡️Нукус воқеалари бўйича айбланган 22 нафар шахснинг суд ҳукми эълон қилинди

ЖАМИЯТ 31.01.2023, 11:37
⚡️Нукус воқеалари бўйича айбланган 22 нафар шахснинг суд ҳукми эълон қилинди

Бугун, 2023 йил 31 январь куни, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Саламат Калилаев, Нурлан Султамуратов 3 йилдан; Полат Нурниязов 4 йил; Қаҳарман Сейтимов ва Бердах Генжебаев 5 йилдан; Саиипназар Калимов, Арислан Темирханов ва Полат Шамшетов 6 йилдан; Амирбек Адилбеков, Бахтияр Кадирбергенов, Сейдабулла Медетов ва Нурлан Найипов 7 йилдан; Разбек Бекмуратов, Султанбек Каипов, Даўлетмурат Джиемуратов ва Байрам Сейтниязов 8 йилдан; Аллабай Тоқимбетов 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Озодликдан махрум қилиш жазосига судланганларга нисбатан тайинланган жазо муддатларини улар қамоққа олинган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек, Азамат Нуратдинов 5 йил, ЖКнинг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 13 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 17 кун;

Ахмет Сметуллаев 5 йил, ЖКнинг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 22 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 8 кун;

Азамат Турданов 5 йил, ЖКнинг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 25 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 5 кун озодликни чеклаш жазосига судландилар.

Озодликни чеклаш жазосига судланган А.Нуратдинов, А. Сметуллаев ва А.Турданов суд залида қамоқдан озод қилинди.

Лолагул Каллиханова 8 йил озодликдан махрум қилиш жазосига судланиб, ЖКнинг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтирган 6 ой 24 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 7 йил 5 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилиб, ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

Даулетмурат Тажимуратов ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 243-моддаси, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланганлар Д.Тажимуратов, Л.Каллиханова, А.Турданов, А.Сметуллаев ва Д.Джиемуратовнинг айбидан ЖКнинг 28,104-моддаси 3-қисми “а” банди, судланганлар Р.Бекмуратов билан С.Каиповнинг айбидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “а” банди, судланган А.Нуратдиновнинг айбидан ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди чиқарилди.

Бундан ташқари, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 256 миллион сўми қопланганлиги инобатга олиниб, қопланмаган 6,5 миллиард  сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланганлардан солидар тартибда ундириш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Д.Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади.

Шунингдек, жиноят ишини тергов қилиш давомида йўл қўйилган айрим хато-камчиликларга нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус воқеалари бўйича айбланган журналист Каллиханова озодликка чиқарилиб, Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1