Аввалроқ, Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Пўлат Шамшетов Нукус воқеалари бўйича ҳукм чиқарилгандан кўп ўтмай вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича Мустақил комиссия аъзолари жорий йилнинг 6 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий ҳулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганишади. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилади.
Ўрганиш натижалари ҳақида жамоатчилик хабардор қилиниши маълум қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг собиқ бўлим бошлиғи, марҳум Пўлат Шамшетов одамларни оммавий тартибсизликларга чақиргани ва ўзи ҳам намойишларда фаол иштирок этгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.