Юксак мода уйига асос солган, француз модельери Пако Рабан 88 ёшида Бретоннинг Портсал шаҳридаги уйида вафот этди.
Маълумотларга кўра, Пако Рабаннинг оиласи фуқаролар уруши пайтида Испаниядан Францияга қочиб кетган. Парижга жойлашиб, ёш модельер 60-йилларда юқори мода оламида ҳақиқий инқилобни амалга оширади. Ўз моделлари учун пластмасса ва металл плиталардан фойдаланган ҳолда турли хил тажриба ўтказди. Бунинг учун у Коко Шанель томонидан “мода металлурги” эпитети билан тақдирланган.
Шунингдек, у ўзининг мода намойишлари учун мусиқий ҳамроҳликдан биринчи бўлиб фойдаланган ва биринчилардан бўлиб қора танли моделларни подиумга олиб чиққан.
1999 йилда Рабан ўзининг сўнгги тўпламини чиқарди, шундан сўнг у юқори мода оламини тарк этди, лекин тайёр кийим соҳасида ишлашни давом эттирди. У вақтини санъатнинг бошқа турларини ўрганишга, расм чизишга ва китоб ёзишга бағишлади.
Рабаннинг мукофотлари қаторига мавсумнинг энг оригинал коллекциясини яратган модельерга бериладиган нуфузли “Олтин ангишвона” (Gold Thimble) мукофоти ҳамда “инновациялари ва ХХ аср маданиятининг барча соҳаларига қўшган ҳиссаси” учун либослар дизайни бўйича Испания миллий мукофоти билан тақдирланган. Танловнинг ҳакамлар ҳайъати Рабанни “энг серқирра испан модельери” деб атади.






