1

Олий суд блогер Мирзоҳид Иномжоновнинг нега қамалгани бўйича батафсил маълумот берди

ЖАМИЯТ 07.02.2023, 20:29
Олий суд блогер Мирзоҳид Иномжоновнинг нега қамалгани бўйича батафсил маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда блогер Мирзоҳид Иномжоновга тайинланган маъмурий қамоқ жазоси айрим фаоллар томонидан мутлақо ўзгача, аниқроғи, сўз эркинлигини бўғиш сифатида талқин этилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Олий суд Матбуот хизмати блогер ролиги бўйича ўз муносабатини билдирди.

Асл ҳолатдан мутлақо бехабар бўла туриб, М. Иномжоновнинг хатти-ҳаракатларини хаспўшлашга уринаётганлар суд қарорининг қонуний, асосли ва адолатли эканлигига ҳуқуқий баҳо бериш фақат юқори инстанция судининг ваколатига тегишли эканини унутмасалар, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Келинг, энди мазкур маъмурий иш қисқа тафсилотига тўхталайлик. М. Иномжонов 2023 йилнинг 2 февраль куни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, фуқаро У. Мавлоновани катта кўчада уятли сўзлар билан ҳақорат қилган ва атрофдаги фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини бузган. 

Мазкур иш юзасидан ўтказилган очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар М. Иномжонов, аризачи У. Мавлонова, гувоҳлар М. Ходжаева ҳамда Ш. Тўрабоеванинг тушунтиришлари тингланган. М. Иномжоновнинг ҳуқуққа хилоф ҳаракатлари гувоҳларнинг тушунтиришларидан ташқари иш ҳужжатларида мавжуд бўлган ариза, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, тушунтириш хатлари ва ишдаги бошқа ҳужжатлар билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2023 йил 3 февралдаги қарорига кўра М. Иномжонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Ушбу иш юзасидан тарафлардан апелляция шикояти (протести) келиб тушмаган.

"Ижтимоий тармоқдаги айрим фаол шахслардан асл ҳолатни кўрмай-билмай туриб, ўз тахминлари, фаразлари билан кенг жамоатчиликни чалғитишга, судлар обрўсига путур етказишга уринмасликлари сўралади" дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1