АсосийJamiyat

Имтиёзсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашнинг олдини олиш бўйича тажриба ўтказилади

'Имтиёзсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашнинг олдини олиш бўйича тажриба ўтказилади'ning rasmi

Президент фармонига  мувофиқ Солиқ қўмитаси 2023 йил 1 октябрга қадар тажриба тариқасида ҚҚС тўлаш бўйича солиқ узилиши аниқланганда солиқ назорати тадбирларини амалга ошириши мумкин.

ҚҚС билвосита солиқ бўлиб, хўжалик юритувчи субектлар учун унинг нейтраллиги ҳисоб-китоб механизми орқали таъминланиши сабабли, товар (хизмат)лар реализациясининг ҳар бир босқичида солиқ буджетга тўланиши зарур.   

Шуни амалга ошириш мақсадида имтиёзсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашни олдини олиш бўйича тажриба ўтказилади.  

Бу Европа ва МДҲ давлатларида кенг қўлланиладиган бутунжахон амалиётдир. Ушбу мамлакатларнинг солиқ маъмурчилигида товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирида ҚҚС узилишлари аниқланганида, солиқни асоссиз қоплашда нафга эга бўлаётган бенефициарларни аниқлаш учун бундай етказиб бериш жараёнларида иштирок этган барча шахсларга нисбатан қатъий солиқ назорати тадбирлари ўтказилади.

Тажриба доирасида ўтказиладиган солиқ назорати чоралари оммавий характерга эга бўлмайди.

Бироқ, сохта тадбиркор - солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни буджетга тўламаслик шарт-шароитларининг яратилиши товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирининг барча иштирокчиларини, ҳатто улар билан боғлиқ бўлмаган инсофли тадбиркорларни, солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этлиши мумкин бўлган хавф гуруҳига кириб қолишига олиб келмоқда.

Шу боис, солиқ органларининг вазифаси ҳақиқий бенефициарлар ҳамда уларга алоқадор шахсларни ва ноқонуний қопланган солиқларни аниқлашдан иборат.  

Бугунги кунда Солиқ қўмитасининг солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш тажрибаси қўшилган қийматни яратиш ва ўтказиш, шунингдек, ҚҚСни буджетга тўлаш занжирининг тўлиқ харитасини шакллантириш имконини беради.  

Ушбу имкониятдан келиб чиқиб, солиқ узилиши кўрсаткичини қўллаш фақат солиқдан қочишнинг агрессив усулларига мурожаат қиладиган интизомсиз солиқ тўловчиларга нисбатан амалга оширилади.  

Таъкидлаш жоизки, манзилли ишлар фирибгарлик схемалардан фойдаланган ҳолда асоссиз солиқ нафи олиш  билан боғлиқ бўлмаган инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Бундай аниқ ва манзилли ишларни амалга ошириш зарурлиги ишбилармон доиралар ва профессионал жамоатчилик вакиллари томонидан ҳам билдирилган.

Тажриба кенг жамоатчилик ва экспертлар ҳамжамиятини жалб қилган ҳолда ўтказилади ва унинг натижалари, жумладан, дастлабкилари ОАВда ёритилади.

    Бошқа янгиликлар