Туркиядаги зилзиладан зарар кўрганлар ва вафот этганлар сони кундан кунга ошиб бормоқда 14 февралга қадар қурбонлари сони 35 418 нафарга етган, 105 505 киши эса жароҳатланган. Минг афсуски, бу якуний кўрсатгичлар эмас. Ва ҳали ҳам вайроналар остида кўплаб инсонлар қидирилмоқда, топилмоқда. Айни пайтда Туркияга давлатлар ва бутун дунёдан кўнгиллилар ёрдам қўлини чўзмоқда.
Йўқолган болалар
“Айни кунда вайроналар остидан олиб чиқилган болалар касалхоналарга йўналтирилиб, саломатлиги текширилгач, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилган хизмат доирасида вазирлигимиз ходимлари томонидан ғамхўрлик қилинмоқда. Болалар қўшниси, яқини ёки қариндошиман деганларга бериб юборилаётган экан деган гаплар ёлғон. Барчаси, ҳужжатли равишда текширилгандан кейингина, болаларга ҳеч қандай хавф йўқлигига амин бўлгач оилаларга берилади” дейди Туркия оила ва социал хизматлар вазири Дарё Яник.
Маошидан кечган депутатлар
Жумҳурият халқ партияси (CHP) раҳбари Қиличдорўғли партиянинг барча депутатлари февраль ойи маошларини бир овоздан зилзиладан зарар кўрганларга беришларини айтишди.
Нажот бўлган ижтимоий тармоқ
Зилзиланинг илк кунларида вайроналар остида қолганлар ўзлари ва бинонинг манзили ҳақида маълумотлар бериш учун ижтимоий тармоқларни қўллашган. Фавқулодда ҳодисалар ва офат вазирлиги (AFAD) ижтимоий тармоқлардаги бу чақириқларга асосланиб вайрона остида қолганларни чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо афсус, кун ўтган сари бу ёрдам сўровчиларнинг овози янада секин эшитилмоқда.
Оқсоқланган транспорт тизими
Айримлар ёрдам пули ажратса бошқалар ўнлаб юк машиналарида озиқ овқат ва кийим кечак жўнатиш учун сафарбар бўлган. Аммо бошқа шаҳар ва ҳатто мамлакатлардан келган озиқ-овқат ва кийим кечакларни зилзила бўлган ҳудудларга етқазиб бериш анча қийинлашган. Транспорт ва авиатизим тамоман бепул деб эълон қилинган бўлсада, йўллар ва аэропортлар зарар кўргани боис ҳудудга кириш мушкуллигича қолмоқда.
Madina Zarif
14.02.2023 23:50
Туркия зилзиласи: болалар тақдири, маошидан кечган депутатлар, нажот бўлган ижтимоий тармоқ ва...






