Наманган вилояти ҳокими 2023 йил 15 февраль кунги қарори билан Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллик юбилейини ўтказиш учун вилоят буджети захира маблағлари ҳисобидан 150 млн сўм ажратди, дея хабар бермоқда "Узрепорт".
Шавкат Абдураззоқовнинг бу бўйича имзолаган фармойишига, блогер Зафарбек Солижонов эътибор қаратди.
Ҳужжатга асосан, вилоят Маданият бошқармасининг хати инобатга олиниб, санъаткорнинг 70 йиллигига бағишланган консерт дастури муносабати билан Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони ташкил этиш кўзда тутилган.
Тадбирни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга вилоят буджети захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 150 млн сўм маблағ ажратилган.

Эътиборлиси, созанда ва бастакор, 1990 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган Абдуҳошим Исмоилов 1952 йил 9 июнда Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган. Июнь ойида санъаткор 71 ёшни қарши олиб, 70 ёшга кирганига қарийб 1 йил бўлади.
Kun.uz мухбирининг қайд этишича, ҳоким Шавкат Абдураззоқовнинг бу “сахийлиги” – Исмоиловнинг туғилган кунини нишонлаш бўйича халқнинг чўнтагидан пул ажратиш билан боғлиқ учинчи ҳолат.
Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллиги биринчи бор 2022 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги тегишли қарори билан атоқли олимлар, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг юбилей саналарини кенг нишонлаш ҳамда улар фаолиятини кенг тарғиб қилиш дастури тасдиқланган. Унга кўра, 2022 йил июнь ойида Абдуҳошим Исмоиловнинг 70 йиллиги нишонланган ҳамда тадбир Маданият вазирлигининг ҳар йилги маданий тадбирлар учун ажратилган бюджет маблағларидан молиялаштирилган.
Шунингдек, 2023 йилнинг 17 январь куни эса Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фармойиши асосида созанданинг 70 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган консерт дастури харажатлари учун вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 89 млн сўм ажратилган.

Қайд этилишича, ҳокимнинг бу фармойишида президентнинг 2020 йил 26 майдаги фармони ниқоб қилиб олинган. Аммо президентнинг бу фармони ўз номи билан маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада оширишга қаратилган, халқнинг пулига артистларнинг юбилейини ўтказиб беришга эмас. Авваллари санъаткорларнинг юбилейларини ҳокимлар халқнинг пулидан ўтказиб бермаган. Бу каби ҳолат энди кузатилмоқда.





