Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ мамлаеатимизнинг 45 нафар ҳарбий хизматчилари 2023 йилнинг февраль-март ойларида “Дўстлик-2023” биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувида иштирок этиш учун Нью-Деҳлидаги Индира Ганди номидаги халқаро аэропорти орқали Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Garhwal Rifles14-батальонига етиб келишди.


Ўзбекистон ва Ҳиндистон республикалари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик 2019 йилда, яъни Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги умумқўшин полигонида биринчи маротаба ўтказилган “Дўстлик” ҳамкорликдаги ўзбек-ҳинд ўқув машғулотларидан сўнг янги босқичга кўтарилган эди. Шундан сўнг, ушбу ўқув машғулотларининг иккинчиси 2021 йилда Ҳиндистондаги Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган “Чаубатия” ўқув марказида ўтказилган бўлиб, Ҳиндистон билан ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жанговар операцияларни режалаштириш ва олиб боришда илғор тажрибалар билан алмашиш имконини яратган эди.


Учинчи бор ўтказилган “Дўстлик–2022” биргаликдаги ўқув машғулотлари Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг “Янгиариқ” умумқўшин полигонида ташкил этилиб, икки давлат ҳарбий хизматчиларининг янги билим ва тажриба алмашишга замин яратган эди.
Бугун Ўзбекистон кўплаб етакчи хорижий мамлакатларнинг армиялари билан мудофаа соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, ҳарбий ҳамкорлик соҳасида режалаштирилган тадбирларни самарали давом эттирмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида тарихий ва маданий муштараклик, мамлакатларимиз халқларининг дўстона ришталари ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган бўлиб, бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган ҳамкорлик икки томонлама кенг қамровли муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этмоқда.


«Дўстлик-2023» ҳамкорликдаги ўқув машғулотларининг тантанали очилиш маросими Ўзбекистон ва Ҳиндистон республикаларининг давлат байроқларини майдонга олиб чиқишдан бошланди. Шундан сўнг, икки иштирокчи мамлакат шарафига аввал Ҳиндистон, ундан кейин Ўзбекистон давлат мадҳиялари ҳиндистонлик ҳарбий оркестр садолари остида янгради.

Тантанали тадбирда иштирок этган Garhwal Rifles 32-бригада командири бригадир Маянк Ваид нутқ сўзлаб, ушбу ўқувларни ташкил этиш ва ўтказиш учун катта имкониятлар яратиб бераётган икки мамлакат давлат раҳбарларига самимий миннатдорчилигини изҳор этди.





