Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида эгизак ҳомиласи бўлган аёлини ўлдирган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, суд хукми ўқилди.
Маълумотларга кўра, судланувчи муқаддам 2020 йилда ҳам судланиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганига қарамасдан, яна жиноят содир этиш йўлига кирган.
Маълум бўлишича, судланувчи ва марҳума 2016 йилда қонуний никоҳдан ўтишган. Уларнинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Мунтазам равишда турли баҳоналар сабаб жанжаллашиб келишлари оқибатида 2022-йилнинг октябрида эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келиб, аёл эрини “онаси”дан ҳақорат қилади.
Шундан сўнг, судланувчи аёлининг ҳақоратларини ўзининг эркаклик ғурурига теккан деб ҳисоблаб, уни қасддан ўлдиради.


Ачинарлиси, аёлнинг қорнида 9 ойлик ҳомиласи бўлган ва у 3 кундан сўнг кўзи ёриши керак бўлган.
"Қизим 2022 йилнинг бошларида ҳомиладор бўлди куёвим “агарда қиз фарзанд бўлса, керак эмас. Агар қиз бўлса, чақалоқни туғруқхонага ташлаб келасан, бўлмаса ўзингни ҳам, фарзандларингни ҳам ўлдираман”, деб қўрқитиб келган”-дейди марҳуманинг отаси.
Воқеа 2022 йилнинг октябрида соат тахминан 12:00 ларда Чилонзор тумани, 20-мавзедаги уйлар олдидаги Чиқинди йиғиш майдончасида содир бўлган.
Судланувчи Чиқинди йиғиш майдончасидаги 1 хонали хонадонда аёли ёлғизлиги, ҳомиладорлиги сабабли ўзини ҳимоя қила олмаслигидан фойдаланиб, бўғиб ўлдирган. Аммо у суд жараёнида айбини тан олмай, бу воқеага аёлининг тоғаси сабабчи эканлигини, ва турмуш ўртоғининг ҳомиладор эканлигидан хабари йўқлигини таъкидлади.
Маълум бўлишича, агар аёлга тезда ёрдам кўрсатилганда унинг эгизак фарзандларини асраб қолиш мумкин эди. Судда томонлар эшитилиб, судланувчига нисбатан ҳукм ўқилди.





