Тиббий туризм — тез ривожланиб бораётган истиқболли соҳа. Айниқса, охирги йилларда Ҳиндистон, Корея, Германия ва Туркия каби мамлакатлар бу борада катта ютуқларга эришди.
Юртимизда ҳам ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, ихтисослаштирилган марказлар амалиётига янги даволаш ва диагностика усуллари татбиқ этилиб, шифо масканлари энг сўнгги ва замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда. Натижада нафақат юртдошларимиз, балки чет эл фуқароларининг ҳам Ўзбекистон тиббиётига ишончи янада ортиб боряпти.
ССВ Матбуот хизматининг хабар беришича, бу йўналишдаги ижобий ўзгаришлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда.
— Шифохонамизда юрак-қон томир касалликларини самарали даволаш бўйича юқори технологик диагностика ва инновацион жарроҳлик операциялари муваффақиятли йўлга қўйилган, — дейди муассаса директори Хуршид Фозилов. — Хусусан, ўтган йил марказ амалиётига 18 турдаги янги даволаш ва ташхис усуллари татбиқ қилиниб, 3979 та юқори технологик мураккаб операция ўтказилди.
Қолаверса, 2022 йил муассасамизда илк бор ишлаб турган юракда аортал клапан, митрал клапан, тикуспидал клапанни протезлаш ва АКШ амалиёти, шунингдек ишлаб турган юракда “Каброл” операцияси ҳамда АКШ ва протезлаш амалиётини кам инвазив усул билан бажариш йўлга қўйилди.
Ана шундай шароитлар туфайли кардиологик хасталикларга чалинган кўплаб юртдошларимиз ва чет эл фуқаролари марказда даволаниб, ўз саломатликларини тикламоқда.
Хусусан, 2022 йил муассасанинг маслаҳат поликлиникасига 33 803 нафар бемор мурожаат қилиб, малакали мутахассислар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилди. Эътиборлиси, уларнинг 675 нафари чет эл фуқароларидир. Шунингдек, ўтган йил муассасада 9000 нафардан зиёд киши даволаниб, беморларнинг 163 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этди.
Шунингдек, Тиббий танлов комиссияси хулосаси бўйича электрон йўлланма берилган 850 нафардан ортиқ юртдошларимизда юқори технологик, интервенцион, аритмологик ва кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, сарф-харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланди.
03.03.2023 18:05
2022 йил кардиология марказига қарийб 840 нафар чет эллик бемор мурожаат қилгани маълум бўлди






