АсосийJamiyat

Ёмғирдан 30 даража иссиққача... Жорий ҳафтада кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

'Ёмғирдан 30 даража иссиққача... Жорий ҳафтада кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди'ning rasmi

"Ўзгидромет" жорий ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди. 

Қайд этилишича, бугун кундуз куни Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек куннинг биринчи ярмида марказий вилоятларнинг айрим жойларида ва республиканинг энг чека жанубида ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳарорат 17-22 даража илиқ атрофида, жанубда баъзи жойларда 23 даража илиқгача бўлади.

7 мартда мамлакат ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, кундузги ҳаво ҳарорати 25-28 даража илиқгача, жанубда ва чўл ҳудудларда 30 даража илиқгача кўтарилади.

8 ва 10 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. 9 мартда ёғингарчилик кутилмайди.

8 мартда кундузги ҳарорат 15-18 даража илиқгача пасаяди, 9-10 мартда ҳарорат яна кўтарила бошлайди ва 10 мартга келиб, 21-26 даража илиқни ташкил этади.

6-9 мартда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. 7 мартда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида шамол 22-25 м/с гача кучайиши мумкин.

6-10 мартда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтимизда: бугун куннинг биринчи ярмида, 8 мартда кун давомида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 7-9 мартда ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади.

Бугун кундуз куни ҳаво ҳарорати 19-21 даража илиқни ташкил этади, эртага ҳаво 25-27 даража илиқгача исийди, 8-9 март кунлари 17-19 даража илиқ бўлади.

    Бошқа янгиликлар