АсосийJamiyat

“Ерга йиқилганимиздан кейин бизни тепиб ҳам ташлади, бу жойи видеога тушмаган”. Луиза Расулова калтаклангани ва жанжал сабаби ҳақида гапириб берди (видео)

'“Ерга йиқилганимиздан кейин бизни тепиб ҳам ташлади, бу жойи видеога тушмаган”. Луиза Расулова калтаклангани ва жанжал сабаби ҳақида гапириб берди (видео)'ning rasmi

Куни кеча, ижтимоий тармоқларда актриса Луиза Расулова ва унинг онасини калтаклашгани акс этган видео тарқалди.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумот тақдим этди. Унга кўра, 9 март куни тахминан соат 15.00 ларда Чилонзор тумани, Чилонзор-6 даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирининг уйбошиси 1959 йилда туғилган А.Р. (Луиза Расулованинг онаси) ва шу кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган ўқув муассасаси раҳбари 1971 йилда туғилган Б.Ч. билан ўзаро низо келиб чиққан. Низонинг сабаби А.Р. кўп қаватли уйнинг умумий кириш эшигига кодли қулф қўйиб, иккинчи қаватда жойлашган ўқув муассасасига келган ўқувчиларни киришига тўсқинлик қилган. Шу орада Б.Ч. фуқаро А.Р. ни қўлидан тортган вақтида А.Р. ва унинг қизи Луиза Расулова ерга йиқилган.

Л.Расулова ва унинг онасига тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шифохонага ётқизилган. Бирламчи маълумотга кўра, А.Р.да “энса соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши”, Л.Расуловада “ўнг билак ва ўнг тизза соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши” жароҳатлари борлиги аниқланган. Фуқаро Б.Ч. профилактика инспектори томонидан ушланиб, яқин орадаги ИИБга олиб борилган.

Айни пайтда актриса Луиза Расулова онаси билан биргаликда калтаклангани ва жанжалнинг сабаби ҳақида батафсил гапириб берди. Бу ҳақда "Zamon" информацион дастурида лавҳа берилди. 

Маълум қилинишича, жанжал актриса яшаётган уйнинг иккинчи қаватида жойлашган ўқув марказига келувчиларнинг уйнинг аҳоли кирувчи подъезддан қатнов йўли қилиб олганликлари ортидан келиб чиққан. Бу подъезд шу ерда яшовчи аҳоли учун бўлиб, айни пайтда ўқув марказга келувчилар ҳам шу ердан кириб-чиқишни йўлга қўйган. Бунга эса актрисанинг онаси уйбоши сифатида қаршилик кўрсатган. Марказ раҳбари бу қаршиликларга жавобан, ўша куни Луиза ва унинг онасини зинадан итариб юборган. Луиза Расулованинг айтишича, эркак уларни итариб юборганигина видеоларда тушиб қолган, аслида эса марказ раҳбари икки аёлни калтаклаган ҳам.

"Биз эшикни бошқа хизмат кўрсатиш жойлари учун ҳам кириш-чиқиш эшиги бўлишига доимий норзилик билдириб келганмиз. Ҳар хил одамлар келади, эшик тагида "сегарита" чекиб ўтиришади, ўқувчилар эмас катта-катта одамлар келади асосан. Бу ерда қизлар, аёллар яшаса, кириб чиқиш ноқулай ва хавфли бўлиб қолган. Ўша куни аввал акам билан тортишишди, кейин онам тушиб кетдилар, ортларидан мен ҳам тушдим. У эркак бизни зинадан итариб юборди. Бу видеоларда кўринган. Шундан кейин яна бизни тепиб ҳам ташлади, лекин бу видеода йўқ", - дейди Луиза Расулова. 

Аёлларни калтаклаган эркак ёки марказ ходимлари билан эса боғланишнинг имкони бўлмаган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар