1

V International Tashkent Marathon: Ўзбекистоннинг 14 шаҳрида бир вақтнинг ўзида оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

СПОРТ 11.03.2023, 13:22
V International Tashkent Marathon: Ўзбекистоннинг 14 шаҳрида бир вақтнинг ўзида оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

10 март куни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида V International Tashkent Marathon ва Ўзбекистоннинг 14 шаҳрида бир вақтда ўтказиладиган “Янги Нафас” оммавий югуриш мусобақаси арафасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Олий таълим, Фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги миллий олимпия қўмитаси, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, V International Tashkent Marathon пойтахтда 5500 нафар иштирокчини бирлаштиради. Марафонни хорижлик спортчилар ва югуриш спорти ихлосмандлари қизиқиш билан кузатиб боришади.  Бугун 34 та давлатдан югурувчилар  марафонда иштирок этиш учун ариза топширишди.  Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги марафон World Athletics'нинг халқаро мусобақалар тақвимига киритилган.  Классик марафоннинг лицензияланган стандартини бажарган ҳолда: аёллар учун - 2:26:10 ва эркаклар учун - 2:08:10 вақт белгиланди, спортчилар 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига лицензия ютиб олиш имкониятига эга бўладилар.

Марафон масофасида иштирок этиш истагини билдирган ўзбекистонлик спортчилар орасида ўтган мавсумлар совриндорлари Закирилло Маматқулов ва Владислав Мамедовлар ҳам бор.  Ярим марафон масофасида эса  2022 йил ғолиблари Азиза Мирзакбарова ва Екатерина Тунгусковалар тўқнаш келишади.  Ярим марафонда 10 000 метрга югуриш бўйича Ўзбекистон рекордчиси Ситора Ҳамидова ҳам танаффусдан сўнг ўзини марафонда синаб кўради.

Ўзбекистоннинг энг кучли спортчиларидан бири, ШҲТ Тошкент яриммарафони ғолиби Шоҳрух Давлатов ҳам ярим марафонда иштирок этиш учун ариза топширди. Қайд этиш жозики, бу унинг Кениядаги ўқув-машғулот йиғиндан кейинги илк чиқиши бўлиб, у ерда спортчи дунёнинг энг яхши югурувчилари билан бирга машғулот ўтказган.

 “Янги Нафас” спорт ҳаракатининг “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда, бирга югурамиз” ягона шиори ўтказилаётган V International Tashkent Marathon доирасида  3 км масофага югуриш учун бутун мамлакат бўйлаб тахминан 75 минг иштирокчи бирлашади.  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакилларининг сўзларига кўра, мамлакатимиздаги 57 та олий ўқув юртидан 25 мингдан ортиқ талаба ҳам пойгада иштирок этади.

Шунингдек, брифингда, 11 март куни бўлиб ўтадиган V International Tashkent Marathon арафасида "Пахтакор" стадионида фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватловчи икки авлодни бирлаштирган “Kids Run” болалар омавий югуриш мусобақаси ва скандинавча юриш мусобақаси ўтказилиши ҳақида ҳам сўз юритилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1