Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Термиз тумани Янгиобод маҳалласидаги “Termez National Carpets” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиб, шу ерда 6 та янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди.
Мазкур ишга туширилган корхоналар орасида йирик қувватда экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарувчи “Тўпаланг” ГЭСи ҳам бор. “Тўпаланг” гидро электр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида унинг умумий қуввати 175 мегаваттга етказилди. Бу йилига 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконини беради.
Ўзбекистонда электр энергияси тармоғи жадал ривожланмоқда. Бу борада Сурхондарё вилоятида мавжуд гидроэнергетик салоҳиятдан самарали фойдаланиш, янги қувватларни ишга тушириш йўналишида босқичма-босқич амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2023-2030 йилларда Сурхондарё вилоятида 81 та лойиҳа асосида 601,4 МВт, йиллик 2 038,2 миллион киловатт соатга тенг янги қувватларнинг ишга туширилиши режалаштирилган.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, 2023 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан биргина Сурхондарё вилоятида 6 та лойиҳа асосида 184,1 МВт қувват ишга туширилади. Шунингдек, истиқболли лойиҳалар асосида кейинги йилларда Тўпаланг дарёсининг юқори қисмида жами 20 та лойиҳа асосида умумий қуввати 264 МВт бўлган "Юқори Тўпаланг" ГЭСлари қурилади.
Ушбу жараёнда эса хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган микро ГЭСларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида жами 55 та лойиҳа асосида қуввати 25,8 МВт бўлган лойиҳа ишга туширилади. Шундан 2023 йилда 8 та лойиҳа асосида жами қуввати 10,1 МВт бўлган янги қувватлар ишга туширилиб, аҳолига тоза электр энергияси етказиб берилади.
Амалга оширилган ишлар натижасида 582 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Шунингдек, 1 минг 560 янги иш ўрни яратилиб, 850 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланади.





