Жорий йилнинг 11 март куни "Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди. Хўш, энди пойтахтда электр энергияси билан боғлиқ муаммо бўлмайдими? Аномал совуқдаги узилишлар қайтарилмайдими? Бунинг учун қандай чоралар кўрилмоқда? Саволларимизга "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Тошкент шаҳар филиали капитал қурилиш бойича директор ўринбосари Беҳзод Кулибаев жавоб берди:
Тошкент аномал иссиққа тайёрми?
– Жорий йилнинг январ ойида Республикамиз бўйлаб аномал совуқ об-ҳавоси кириб келиши оқбатида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр стансияларига йўналтирилган қувурларда газ босимининг кескин пасайиши натижасида асосий юклама электр таъминотига тушганлиги сабабли электр энергиясини етказиб беришда ва таъминотида узилишлар кузатилди. Бунинг натижасида, Тошкент шаҳрининг кўплаб туманларидаги электр тармоқларида носозликлар юзага келиб, таъминотда фавқулодда узилишлар содир бўлди.
Ўзингизга маълум, Республикамизда қиш кунларида кириб келган аномал совуқ об-ҳавоси каби ёз ойида ҳам аномал иссиқ кузатилиши мумкин. Аномал совуқ об-ҳавоси вақтида кузатилган носозликлар, таъминотда фавқулодда узилишларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-91 сонли қарори қабул қилинди.
Пойтахт аҳолиси учун 664 МВА бўлган қувват яратилади
Мазкур қарор доирасида Тошкент шаҳрида жами 5 та 110 кВ кучланишли подстанция қурилиш режалаштирилган, яъни Юнусобод туманида “Юнусобод бизнес сити”ни ташқи электр таъминоти билан таъминлаш, Шайхонтохур туманида “Ташкент сити” халқаро ишбилармонлик марказини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш, М.Улуғбек туманида “Янги Ўзбекистон кўчаси йўл бўйи инфратузилмасини, янги барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш, Яшнобод туманида “Олмос” ва “Гўзал” маҳаллаларини ҳамда ушбу ҳудудда қурилаётган кўп қаватли уй-жойларни ташқи электр таъминоти билан таъминлаш ҳамда Янгиҳаёт туманида ишлаб чиқариш корхоналарини ва кичик саноат зоналарини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида қурилиши режалаштирилган. Юқорида келтирилган подстанцияларни қуриш орқали умумий қуввати 664 МВА бўлган қувват яратилади.
Эски подстанциялар янгиланадими?
Бундан ташқари Тошкент шаҳрида жами 4 та подстанцияда реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган. Жумладан, Юнусобод туманида “Юнусобод” ПС (2х40 МВАни 2х63 МВАга), Олмазор туманида “Сағбон” ПС (2х25 МВАни 2х40 МВАга), М.Улуғбек туманида “Ботаника” ПС (1х63, 1х40 МВАни 2х80 МВАга) ва Миробод туманида “Қўқон” ПС (2х40 МВАни 2х63 МВАга)даги мавжуд куч трансформаторлари катта қувватлисига алмаштириш ҳисобига 179 МВА қувват яратилади. Бунинг натижасида аҳоли ва юридик истеъмолчиларнинг электр энергияси яхшиланади.
Ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жами 3,5 трлн миқдорда маблағлар йўналтирилади, шу жумладан 566,0 млрд сўм “ЎзМЭТ” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Узавтосаноат” АЖларнинг ўз маблағлари, 199,0 млрд сўм “ҲЭТ” АЖ ўз маблағлари ҳамда 2,7 трлн сўм “ҲЭТ” АЖ томонидан жалб қиладиган товар кредитларини олиш орқали амалга оширилади.
Келажакда нималар қилинади?
Бундан ташқари 2023-2025 йилларда Тошкент шаҳрида 2969,8 км паст кучланишли ЭУТ ва 703 дона ТПларни янгилаш ишлари режалаштирилган бўлиб, жорий йилда 903,3 км ЭУТ ва 228 дона ТП янгилаш ишлари белгиланган.
Ушбу қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш 2-чорак якунига қадар тугатилиши режалаштирилган ҳамда кунлик ва ойлик тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, туман ва шаҳар хокимликлари билан келишилган.
Ушбу қурилиш-монтаж ишлари ЛСҲ билан параллел равишда амалга оширилади. Бугунги кун яъни 13 март ҳолатига тармоқ жадвалига асосан 132,4 км ЭУТ ва 61 дона ТП реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга Тошкент шаҳрининг қўшимча электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида Саудия Арабистонининг “Аква повер” компанияси томонидан қуввати 400 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш ишлари режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи босқичда 100 МВт бўлган қувватни ишга тушуриш белгиланган.
Бундан ташқари Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида Хитой халқ Республикаси “Чайна жежуба гроуп инвестмент компаний” компанияси томонидан қуввати 700 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш ишлари режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи босқичда 100 МВт бўлган қувватни ишга тушуриш белгиланган.