Италиянинг Агриженто шаҳрида ўтказилган "75-Mandorlo in fiore" ("Бодом гуллаганида") жаҳон халқлари маданияти ва фольклор фестивали якунига етди. Бу ҳақда Ўз А хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги хабарига кўра, фестиваль иштирокчиларининг мусиқий чиқишлари "Энг яхши мусиқий кўриниш", "Энг яхши миллий либослар", "Энг яхши рақс намойиши" йўналишлари бўйича баҳоланди.
Мазкур фестивалда мамлакатимиз номидан иштирок этган Ўзбекистон давлат филармониясининг "Наврўз" ашула ва рақс ансамбли жамоаси ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовадан иборат Маданият ва туризм вазирлиги ижодий гуруҳи фестивалда иштирок этган Қирғизистон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Грузия, Болгария, Испания, Франция, Панама, Мексика каби 40 га яқин давлатлар ҳамда мингга яқин иштирокчи вакиллар орасида ўз чиқишлари, ижро этилган рақслари ҳамда миллий либослари билан энг яхши гуруҳ сифатида эътироф этилиб, Гран-при соҳибига айланди ҳамда махсус "Олтин ибодатхона" совринига сазовор бўлди.

Шунингдек, ўзбекистонлик санъаткорлар «Журналистлар эътирофи» номинациясида ҳам ғолибликни қўлга киритди.





