1

“Толибон” Амударё бўйида катта канал қурмоқда

ДУНЁ 17.03.2023, 12:01
“Толибон” Амударё бўйида катта канал қурмоқда

“Толибон” Амударёнинг Балх қисмида Қўштепа каналини қурмоқда, канал сувининг Афғонистон шимолидаги ҳудудларга йўналтирилиши Туркманистон ва Ўзбекистонннинг айрим вилоятларида сув тақчиллигига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Khaama Press хабар берди.

Лойиҳа 2022 йили ишга туширилган бўлиб, канал узунлиги 285 километрни ташкил қилади. У Амударёнинг Балх вилояти қисмидан бошланиб, Жузжон орқали Фарёбда тугайди. Лойиҳа уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 108 километрни ташкил этади ва у 2024 йил давомида амалга оширилиши кутилмоқда. 177 километрни ташкил этувчи иккинчи ва учинчи босқич эса беш йил ичида якунланиши керак.

Мутасаддиларнинг маълумотига кўра, суғориш тизими 550 минг гектар сув йиғиш майдонига эга бўлади. Канал сониясига 650 куб метр сув ўтказади ва мамлакатнинг учта вилоятини: Балх, Жузжон ва Фарёбни қамраб олади. Охирги икки вилоят Туркманистон билан чегарадошдир. “Толибон” лойиҳада 5500 га яқин одам кеча-кундуз ишлаётгани ва 3300 дан ортиқ бурғилаш техникасидан фойдаланаётганини маълум қилган.

Афғонистон миллий тараққиёт компанияси назорати остида 200 дан ортиқ маҳаллий компаниялар субпудратчи сифатида ишламоқда. “Толибон” 108 километр узунликдаги лойиҳанинг биринчи босқичини ўз даромадлари ҳисобидан амалга оширмоқда. Биринчи босқичнинг қиймати тахминан 91 миллион долларни ташкил этади. Кейинги икки босқич Афғонистондаги конлардан бирини сотишдан тушган маблағ ҳисобига амалга оширилади.

Қўшни давлатлар, жумладан, Туркманистон ва Ўзбекистон мазкур канал уларга айрим вилоятларни сув билан таъминлашда муаммо туғдиришидан хавотирда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1