Президентимиз Янги Тошкентда уй-жой, транспорт, ишхона, маданият, спорт ва таълим объектларини қамраб олган замонавий урбанизация ва илмий ёндашувлар асосида юртимизда илк бор “ақлли” технологиялар жорий этилишини таъкидлади.
Масалан, энг замонавий экологик транспорт тизими ташкил этилади. Янги Тошкентда метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади.
Бунда, “яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида пиёдалар ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади.
Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий туннел ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.
Шунингдек, Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади. Яъни, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилади, ёзда эса совутилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.
Инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, Ай-Ти парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари пойтахтнинг ривожланиш режаларини белгилашда албатта мавжуд ва истиқболли энергетика масалаларини ҳисобга олиш зарурлигини қайд этди.
Пойтахтда сўнгги 6 йилда электр энергияси истеъмоли 30 фоизга ошиб, йилига қарийб 8 миллиард киловатт-соатга етди.
Сўнгги йилларда пойтахт учун энг долзарб бўлган уй-жой қуриш, маҳаллаларни обод қилиш, янги корхоналар ва иш ўринларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Лекин пойтахтга электр энергияси Юнусобод орқали ўтган битта юқори кучланишли тармоқ орқали етказиб берилмоқда. Мавжуд подстанциялар маънан ва жисмонан эскирган. Шу боис, энди пойтахт энергетика инфратузилмасини янгилаш устувор вазифа бўлади.
Шу мақсадда Тошкент шаҳри электр таъминоти тизимини тубдан ўзгартириш бўйича катта дастур қабул қилинди.
18.03.2023 11:38
"Янги Тошкент"да Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади






