1

Хитой Ўзбекистонни саёҳат тавсия этилган мамлакатлар рўйхатига қўшди

ЖАМИЯТ 19.03.2023, 17:15
Хитой Ўзбекистонни саёҳат тавсия этилган мамлакатлар рўйхатига қўшди

Хитой ҳукумати томонидан чет давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга гуруҳли саёҳатлар қайта тикланди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазиолиги хабар берди

2023 йил 15 мартдан Хитой сайёҳлик агентликлари ва онлайн саёҳат хизмати провайдерлари тест режимида гуруҳли турлар саёҳатларини ташкил қилишни давом эттирмоқда.

Таъкидлаш керакки, Хитой фуқаролари гуруҳ бўлиб жами 40 та, хусусан, Ўзбекистон, Непал, Бруней, Ветнам, Мўғулистон, Эрон, Иордания, Танзания, Намибия, Маврикий, Зимбабве, Уганда, Замбия, Сенегал, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Арманистон, Сербия, Хорватия, Франсия, Греция, Испания, Исландия, Албания, Италия, Дания, Португалия, Словения, Вануату, Тонга, Самоа, Бразилия, Чили, Уругвай, Панама, Доминика, Салвадор, Доминика, Багама ороллари каби давлатларга саёҳат қилишлари мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда хитойлик сайёҳлар учун уларга янада қулайлик яратиш мақсадида виза режими бекор қилинган. Бундан ташқари, Сиан – Тошкент – Сиан йўналиши бўйича тўғридан тўғри рейс йўлга қўйилган. Бу ва бошқа чора-тадбирларнинг натижаси ўлароқ хитойлик сайёҳларнинг юртимизга ташрифи ортиб бормоқда. 

Хусусан, 2018 йилда 32,5 минг нафар хитойлик сайёҳ Ўзбекистонга келган бўлса, бу кўрсаткич 2019-йилда 1,7 баробарга ортиб, 54,3 минг нафарни ташкил қилди. 2021-йилда CОВИД-19 пандемияси туфайли хитойлик туристлар оқими 3,6 минг нафаргача камайди. Аммо 2022-йилда яна бу рақамлар ошди — Хитойдан Ўзбекистонга 5,4 минг нафар турист ташриф буюрди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, хитойликларнинг юртимизга саёҳати иқтисодиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Статистика агентлигининг тадқиқотига мувофиқ, Ўзбекистонда бўлиш давомида 1 нафар хитойлик сайёҳ туризм хизматлари учун ўртача 1,1 минг АҚШ доллари сарфлайди. Ўз навбатида 2023-йилда юртимизга 100 минг нафар хитойлик туристларни жалб қилиш мақсад қилинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1