1

Ўқитувчилар “Open budget”да овоз тўплашга мажбурланаётгани айтилмоқда

ЖАМИЯТ 24.03.2023, 14:20
Ўқитувчилар “Open budget”да овоз тўплашга мажбурланаётгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга “Tashabbusli budjet” лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, топшириқни бажаришга беэътибор қараётган ўқитувчиларга керакли чора кўриш билан таҳдид қилинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Расул Кушербаевга Уйчи тумани, шунингдек, Андижоннинг Андижон, Шаҳрихон, Олтинкўл, Фарғонанинг Риштон, Қува туманлари, Наманган шаҳридан ўқитувчилар "Open budjet"га овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушган.   

"️Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудлардаги бошқармаларига ўқитувчиларни бунга мажбурламаслик масаласида алоҳида кўрсатма юбориб, мажбурлаётган мактаб раҳбарларига чора кўришни бошламаса бўлмайди шекилли. Афсус "Open budjet" ҳам нохолис тизимга айланиб бормоқда", - дейди блогер.

Ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ берди.

"Ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга ушбу лойиҳада овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, топшириқни бажаришга беэътибор қараётган ўқитувчиларга керакли чора кўриш билан таҳдид қилинаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалиб, улар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жиддий ўрганилмоқда.

Айни вақтда «Вазирга мурожаат» порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига кўра, педагогларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Ҳурматли ўқитувчилар, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари!

Агар сизнинг таълим масканингизда ўқитувчиларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71-202-09-09 га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади.

«Ташаббусли буджет» лойиҳаси фақат ташаббусга асосланади, бунда ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди!

Маълумот учун шуни ҳам қўшимча қилишни жоиз деб топдим, яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун маъқулланди.

Унда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо назарда тутилмоқда. Яъни педагог ходимни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма Жиноят кодексига киритилмоқда.

Шундай экан, ўқитувчиларимизнинг касбий ҳуқуқлари Давлатимиз назоратида эканлигини, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга йўл қўйилмаслигини унутмаслигингизни сўраймиз", - дейлади вазир изоҳида.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1