Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид - ССВ

ЖАМИЯТ 25.03.2023, 09:18
Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид - ССВ

Сал аввал ўзбек олимлари саратонни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиққани хабар қилинган эди. 

Унда 2022 йилнинг июнь ойида юртимизда рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситаси ҳақида сўз боради.

Ушбу препарат таркиби “лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” деган оқсил моддасидан иборат  экани айтилган.

Ушбу дори воситаси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.

Бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Осиё давлатларида фақатгина  простата бези ва нейроэндокрин ўсмаларни диагностикаси ва даволашда қўлланилади.

—  Ушбу препарат диагностикада простата бези учун таргет радионуклид восита ҳисобланади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов. — Суяк метастазларини даволаш жараёнида яхши таъсир қилади ва вақтинчалик восита ҳисобланади. У касалликнинг 4-босқичида беморларнинг ҳаётини бир муддат сақлаб туриш учун хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу препарат ҳозирча давлат рўйхатига олинмаган. Шу туфайли айни кунларда бирорта онкологик муассасада қўлланилмаяпти.

Шунингдек, мутахассиснинг таъкидлашича, саратоннинг ривожланган босқичида қўлланиладиган ушбу препарат беморни 99 фоиз аниқликда даволаши ҳақиқатга умуман тўғри келмайди.

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида саратоннинг бу босқичида даволай оладиган дори воситаси яратилмаган.

Шунингдек, барча онкологик касалликларда эмас, фақатгина простата бези саратонида суякда метастазлар бўлган ҳолатда ушбу дори воситаси ўрнига “Самарий” препарати қўлланиб келинмоқда.

Шундан келиб чиқиб, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситаларидан инсонлар ҳаёти билан боғлиқ бу каби муҳим хабарларни жамоатчиликка етказишда диққатли бўлишларини сўраб қоламиз.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1