Дунёнинг қайси нуқтасига қарамайлик, у ерда ватандошларимизни учратамиз. Кимлардир ҳаёт ташвишлари ортидан, бошқалар эса тақдир тақозоси билан ўзга юртларда қўним топган. Ватан соғинчи қийнаган пайтларда санъат энг яхши малҳам. Ўзбек куй-қўшиқлари мусофирликда юрганларнинг кўнгилларига хуш ёқиб, ширин хотираларни уйғотади. Бугунги кунда океан ортидаги ҳамюртларимизга мумтоз санъат оҳанглари ҳамроҳ бўлишига ҳисса қўшаётган продюссерлардан бири Ҳасан Юсуповдир. У кўплаб ўзбек санъаткорлари иштирокидаги гастроль сафарларини ташкиллаштириб келмоқда. Суҳбат давомида бизни қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
Маълумот ўрнида:
“Мумтоз наво” ансамбли “Шарқ тароналари” халкаро мусиқа фестивалида “Spesial prize” совриндорлари.

— Таҳририятимизга хуш келибсиз. “Мумтоз наво” ансамбли билан навбатдаги океан орти гастроль сафарига тайёрланаётган экансиз...
— Шундай. Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил қилинган, Ўзбекистон телерадио компанияси қошида ижод қилиб келаётган ансамбль фаолияти жадвали жуда тиғиз. Яъни вилоятлар буйлаб концерт чиқишлари ва давлат тадбирлари билан банд бўлишади. Шундай бўлса ҳам Европанинг бир қатор шаҳарларида бўлиб, у ердаги тадбирларда хам хизматда бўлди.

Масалан, Германиянинг Мюнхен шаҳрида мусиқа ишкибозлари ансамблнинг ўзбек миллий қўшиқларини катта қизиқиш билан кутиб олишди. Концертда Мюнхен шаҳар туризм бошқармаси раҳбари Жеральдин Кнудсон ҳам махсус меҳмон сифатида иштирок этди. Вазир ўзбек санъатига жуда илиқ фикрлар билдирганди. Шунингдек, 16 март куни Малайзияда ҳам ансамблнинг концерти бўлиб ўтди. Куала Лумпурдаги концертда ватандошларимиз мумтоз қўшиқларимизни тинглашди, ҳордиқ чиқаришди. Ва, албатта, ўзбек санъати у ерликларнинг ҳам кўнглидан жой топди. Айни дамда эса АҚШнинг Нью-Йорк штатига сафарга тайёрланмоқдамиз. Концерт тўлиқ жонли ижрода бўлгани учун ҳам унинг шинавандалари кўп. Дунёнинг ҳар қандай давлатига бормайлик, хонандаларимиз доим жонли ижрода қўшиқ куйлайди.

— АҚШдаги ҳамюртларимиз кўпроқ қайси санъаткорларнинг ижодига қизиқишади?
— Аслида, ўз Ватанидан узоқда бўлганлар учун Ўзбекистондан келган ижодкорларнинг барчасининг ижоди қизиқ ва ҳурматга сазовор. Масалан, Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Муножат Йўлчиева, Юлдуз Усмонова ва хонанда Моҳира Асадова кабиларга қизиқиш жуда баланд.


2018 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари чоғида “Мумтоз наво” ансамбли давлат маданий тадбирда чиқиш қилгандан сўнг, уларга бўлган қизиқиш ҳам кучайди. Ансамблнинг яккахон хонандалари Ўзбекистон халқ артистлари Фурқат Ашуралиев ва Элмурод Аҳмедов ўзбек миллий қўшиқларини маромига етказиб куйлаши орқали АҚШдаги ўзбеклар меҳрини қозонган.
— Демак, океан ортига айнан талаб ва таклифларга кўра кетяпсизлар?
— Албатта! Ушбу гастроль сафарини амалга оширишда бизга “Khaymans group USA Inc” компанияси ёрдам бермоқда. Аслида бу компания 14 йилдан буён йирик ва кичик ҳажмдаги юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланади. Бу ташкилот аввал ҳам ўзбек хонандаларига концерт ташкиллаштиришда ҳомийлик қилган. Айниқса, 2016 йил 30 апрелдаги Хонанда Лола Йўлдошеванинг “Мастер театр” концерт залида бўлиб ўтган яккахон концерт дастури ҳалигача кўпчиликнинг ёдида.
— Шундай қилиб концерт қачон?
— Юқорида айтганимдек, ансамбль бугунги кунда кетма-кет гастроль сафарлари билан банд. Ундан сўнг репертуар устида ишлаб, насиб қилса Ўзбекистон Мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида байрамни Нью-Йоркдаги ҳамюртларимиз билан биргаликда нишонлаймиз.
— Репертуардан қандай қўшиқлар жой олади?
— Концерт репертуаридан халқ севган мумтоз қўшиқларимиздан “Боғ аро”, “Ўйнасин”, “Тонавор”, “Малаксан” каби 32 та қўшиқ жой олади.
— Суҳбат учун ташаккур. Ишларингизга ривож.





