АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти барча америкалик фуқароларни, жумладан, журналистларни ҳам Россияни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши спикери Жон Кирби айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Россияда ҳибсга олинган Wall Street Journal журналисти Эван Гершковичга ҳалигача консуллик рухсатини олмаган.
Аввалроқ АҚШ фуқароларини Россияга саёҳат қилишдан огоҳлантирган эди. Кирбининг таъкидлашича, бу тавсиялар эндиликда ҳатто мамлакатда ишлаётган журналистларга ҳам тегишли.
"Ҳозир америкаликларнинг Россияда бўлиш вақти эмас. Агар ҳозир Россияда бўлсангиз - иш ёки таътилда, ҳар қандай саёҳатда - дарҳол чиқиб кетишингиз керак. Гарчи сиз ишчи бўлсангиз ҳам бу ҳудуд сиз учун хавфсиз жой эмас. Россия энди Америка фуқаролари учун душман муҳитга айланди", деди Кирби.






