Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркияда ишлаб чиқарилган Togg T10X электромобилининг биринчи эгаси бўлди. Бу ҳақда "Анадолу" хабар қилди.
Анқарадаги Президент мажмуида автомобиль калитларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Туркия президентининг рафиқаси Эмине Эрдўғон ҳам иштирок этди.
"Бугундан бошлаб биз "Togg"ни йўлларда кўрамиз", деди Туркия раҳбари тадбирдаги нутқида.
Эрдўғон электромобиль Озарбайжон президентига юборилганини ва Ўзбекистон раҳбарига ҳам совға қилинишини айтган.
Президент Эрдўғон "Togg" нафақат Туркияда, балки бутун дунёда автомобиль ихлосмандлари орасида шуҳрат қозонишига ишонч билдирди.
Туркияда ишлаб чиқарилган илк электромобиль модели – "Togg T10X"ни харид қилиш учун аризаларни жойлаштириш жараёни бошланганидан бери жами 177 467 та олдиндан буюртма олинди.