"Ўзгидромет" Ўзбекистонда 7-9 апрель кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Қайд этилишича, эртага кечаси ва эрталаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.
Якшанба куни фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёмғир ёғади.
Дам олиш кунлари ҳарорат кечалари 7-12 даража, кундуз кунлари 22-27 даражани ташкил этади.
7-9 апрелда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 7 апрелда баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғларда (2000 м дан юқори) ёмғир қорга айланиши мумкин.
Пойтахтда: бугун вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, дўл ёғиши мумкин. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат 16-18 даража бўлади.
Шанба куни куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 8-10 даража, кундузи 22-25 даража бўлади.






