АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда икки кунлик “Шуша кунлари” бошланди (фото)

Халқаро Турк Маданияти ва Мероси Фонди ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаг...

Халқаро Турк Маданияти ва Мероси Фонди ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси асосида жорий йилнинг 11-12 апрель кунлари Ўзбекистонда “Шуша кунлари” тадбирлари ўтказилади. Бугун, 11 апрель куни тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.

Очилиш маросимида маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда элчиси Олган Бекар ва бошқалар иштироқ этди.  

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, маданият марказининг директори Самир Аббасовлар ўзбек ва озар халқларининг ўзаро алоқалари чуқур тарихий илдизларга бориб тақалиши, икки қардош элнинг тили, урф-одат ва анъаналари бир-бирига ўхшашлиги, мана шундай дўстлик ришталари Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг саъй-ҳаракатлари билан янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этишди.

“Ўзбек ва озарбайжон тарихан бир-бирига яқин, қон-қардош халқлар. Каспий денгизи боғлаб турган бу икки халқнинг маънавияти, маданияти, адабиёти ҳам бир-бириникига ўхшаш. Икки миллат қалбларини бир-бирига яқинлаштиришда ана шу дўстликнинг ўрни беқиёс”,–деди Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков.

Тадбирнинг асосий мақсади ТУРКСОЙ томонидан Шуша шаҳрини Турк дунёсининг Маданият пойтахти деб эълон қилиш, шунингдек, Озарбайжоннинг Қорабоғ, Шушанинг бой маданияти, санъати, шеърияти, таниқли шушаликлар, шаҳарнинг туризм имкониятини дунёга танитиш ҳамда тарғиб қилишдан иборатдир.

Расмий очилиш маросимида Шуша маданияти, адабиёти, санъати ва тарихига бағишланган халқаро конференсия, китоблар тақдимоти, фотосуратлар ва нашрлар кўргазмаси, Қорабоғга оид миллий кийимлар мода намойиши, бадиий шеърий композициялар ва консертлар ўтказилди

“Шуша кунлари”нинг очилиш маросимида Озарбайжон Маданият Маркази фоесида “Озод ва обод Шуша” фотокўргазмаси намойиш этилиб, Озарбайжон Маданият Марказининг катта анжуманлар залида халқаро конференсия ўз ишини бошлади.

Сўнгра, озарбайжонлик режиссор Улвия Ҳайдарова муаллифлигидаги Хуршидбону Нотавон ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди.

Тадбирнинг бадиий қисмида озарбайжонлик мусиқачилар Нисбат Сардаева, Рустам Муслимов, Элнур Салаҳовлардан иборат муғом триоси томонидан Хуршидбону Нотавон ғазалларидан иборат муғом асарлари тақдим этилди. Бундан ташқари, Озарбайжон Маданият Марказининг “Озарбайжон қизлари” Рақс Ансамбли Шушага оид миллий рақсларни ижро этишди.

Бадиий қисмда Ўзбекистон халқ артисти, “Ялла” ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров ва дунёга машҳур “Ўзбегим ёшлари” (Ўзбек ёшлари) мусиқий гуруҳининг ранг-баранг чиқишлари бўлиб ўтди.

“Шуша кунлари”нинг иккинчи кунида Ўзбекистоннинг Турон кутубхонасида бўлиб ўтадиган тадбирда Халқаро Турк Маданияти ва Мероси Фонди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик Жамияти, Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон Парламентлари депутатлари иштирок этиши режалаштирилган.

Турон кутубхонасида “Шуша кунлари” тадбирлари доирасида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси асосида илк марта ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган “Хуришидга етар бошим” китобининг тақдимоти ва ўзбек талабалари томонидан Хуршидбону Нотавон шеърларидан иборат адабий-бадиий композиция бўлиб ўтади.

Ўзбекистонда “Шуша кунлари”да бўлиб ўтадиган қатор тадбирлар доирасида Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институтида ҳам тадбир ташкил этилади. Кўплаб фахрий меҳмонлар ва расмийлар иштирок этадиган тадбирда Озарбайжон ҳамда Турк дунёсининг маданий пойтахти Шуша ҳақида чиқишлар ва тақдимотлар ўтказилади.

Тадбирнинг бадиий қисмида Халқаро Турк Маданияти ва Мероси Фонди ташаббуси билан ташкил этилган етти турк халқининг вакилларидан иборат “Етти гўзал” халқ чолғулари ансамблининг консерти ва озарбайжонлик моделер Гулнора Халилованинг кийимларидан иборат Қорабоғ вилояти, шунингдек, ХVII аср охири ХIХ аср бошларида Шуша шаҳрида урф бўлган аёллар либосларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Қайд этиш лозимки, “Шуша кунлари” тадбирларининг давоми сифатида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси ила Озарбайжон маданияти, шунингдек, Шуша ҳақидаги ранг-баранг китоблар тўплами Ўзбекистоннинг етакчи кутубхоналарига ҳадя қилиниб, жорий йилнинг июнь ойида Шуша билан танишиш, Шушага оид кўрсатувлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистоннинг номдор телекеналлари ҳамда уларнинг вакилларининг Шушага, шунингдек, ишғолдан озод этилган минтақаларга Медиа тури ташкил этилиши режалаштирилаётир.

    Бошқа янгиликлар