Бугун «Янги Ўзбекистон» университетида таълим ва илм-фан билан боғлиқ мамлакатимиздаги энг асосий тадбирлари бўлиб ўтди.
Хусусан, соврин жамғармаси 1 миллиард сўмлик «Буюк алломалар изидан» номли физика фани олимпиадасининг якуний финал босқичи ўтказилди. Олимпиадани ўтказишдан асосий мақсад республикамизнинг турли ҳудудларида таълим олаётган салоҳиятли ёшларни аниқлаш орқали уларга ўз билим ва кўникмаларини намоён этиш имкониятини яратиш ҳисобланади.

Олимпиададан «Аждодларга муносиб авлодлар» шиори остида ёшларда аждодлар руҳи билан фахрланиш ҳиссини кучайтириш ҳам мақсад қилинган бўлиб, дунёда илм-фан ва маърифатнинг ташкил топиши ҳамда ривожланишига буюк ҳисса қўшган, атоқли алломалар ва давлат арбоблари ҳисобланган буюк бобокалонларимиз Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Ал-Фаробий, Абу Али ибн Сино, Aл-Хоразмийлар фаолияти билан боғлиқ турли ҳил қизиқарли маъруза ва тренинглар ташкил этилди.
Олимпиада барча умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар техникумларининг битирувчи синф ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, унда рўйхатдан ўтганлар сони 1 182 нафарни ташкил этди. Шундан фақатгина 255 нафари финал босқичига йўлланма олди.


Финал босқичида ҳар бир иштирокчига 5 та саволдан иборат бўлган ёзма иш тақдим этилди. Ёзма ишлардан энг юқори кўрсаткични қайд этган 1 нафар талабгор мутлақ ғолиб ҳамда кейинги ўринлардаги энг юқори кўрсаткичларни қайд этган 10 нафар талабгор мутаносиб равишда совриндорлар деб топилди.
Мутлақ ғолибликни қўлга киритган талабгор 20 миллион сўм пул мукофоти, «Янги Ўзбекистон» университетида таҳсил олиш учун бир йиллик 100 фоизлик грант (38 миллион сўм) ҳамда бошқа сертификат ва медаллар билан тақдирланди. 10 нафар совриндорлар эса 2 миллиондан пул мукофоти, «Янги Ўзбекистон» университетида таҳсил олиш учун бир йиллик 100 фоизлик грант (38 миллион сўм) ҳамда бошқа сертификат ва медаллар билан тақдирланди.


Шу билан бирга, математика соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, шунингдек бу соҳадаги олимлар фикр алмашиши учун махсус майдонча яратиш мақсадида, жорий йилнинг 15- ва 16-апрел кунлари «Янги Ўзбекистон» университетида “International Conference on Operator Algebras, Varieties of Algebras and Related Topics” халқаро илмий математика конференцияси ўтказилди.
Конференцияга мамлакатимизнинг ёрқин математик олими, В. И. Романовский номидаги Математика институти директори Ш. Аюпов ва дунё миқёсидаги машҳур математик олимлардан бири Франсиянинг Страсбург университети Илғор математик тадқиқотлар институти профессори В. Дотсенко иштирок этди. Конференсияга хориждан ва республика ҳудудларидан 50 га яқин профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар ташриф буюрди.





