Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдурахмонов Япониянинг “BHN Association” компанияси президенти Иноу Хидэо, катта вице-президент Куремацу Хачикей ва ижрочи директор Конома Казухиса ҳамда «NTT Docomo» ва «NTT Data» вакиллари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Учрашув чоғида телекоммуникация соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз дипломатик миссияси “BHN Association” компанияси билан ҳамкорликда 2021-2022 йилларда Ўзбекистон таълим муассасаларига “Самсунг” планшетларини беғараз тақдим қилиш лойиҳасини амалга оширган.
“BHN Association” компанияси раҳбарияти билан олиб борилган қатор музокаралар натижасида Сурхондарё вилоятидаги 10-умумтаълим мактаби ва Кўп тармоқли тиббиёт марказига 80 дона планшет ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур учрашувда планшетларни топшириш маросими бўлиб ўтди ва лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳужжат имзоланди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-Япония муносабатларида телетиббиёт соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда тиббий ИКТ лойиҳаларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилиб, ушбу жараёнга ноу-хау ва замонавий технологияларга эга бўлган “BHN Association” компаниясини жалб қилиш ва Япония Ҳукумати томонидан лойиҳалар учун молиявий ёрдам ҳамда грантлар ажратиш масалалари хусусида фикр алмашилди.





