Ватанга қасамёд кечагина пайдо бўлиб қолган анъана эмас. Бу қанчадан-қанча саркардаларимиз, ботирларимиз тилида янграган ва сўнгги нафасгача юракда сақланадиган муқаддас онтдир.

Бугун, 23 апрель куни Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларида тантанали равишда ҳарбий хизматга янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларни Ватанга қасамёд келтириш маросими ўтказилди.

Хусусан, пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” мажмуасида ўтказилган маросимда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-маёр Шуҳрат Холмуҳаммедов йиғилганлар эътиборига мудофаа вазирининг аскарларга табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган ўғлонларга ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар.
Таъкидлаш лозимки, бу каби тантанали маросимлар бугун барча ҳарбий округлар, ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказилди. Жойлардаги маросимларда Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округлар ва ҳарбий қисмларнинг масъул офицерлари ҳар бир юрт ўғлонига муддатли ҳарбий хизмат давомида улкан зафарлар тилади.
Асосий тадбирдан сўнг, ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали қўл жанги ва жанговар чиқишлар, консерт дастурлари намойиш этилади.





