Ўтган йилнинг 17 октябрь куни соат 11:10 ларда Фарғона вилоятида жойлашган “Индорама Коканд Фертилизерс анд Чемиcалс” АЖда бахтсиз ҳодиса юз бергани хабар қилинган эди. Ҳолат юзасидан корхона раҳбарига суд ҳукми ўқилди.
Қайд этилишича, фуқаро Д. Қўқон шаҳридаги “Индорама Коканд Фертилизерс анд Чемиcалс” АЖ ҳамда “Металл Универсал 777” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан корхонанинг қадоқлаш цехида қурилиш монтаж ишлари амалга оширилаётган.
Шунда ўғит қадоқлаш ускунаси бункери остида металл конструкция қисмларини ўрнатиш жараёнида, таянчларни кесиш оқибатида бункер қулаб тушган.
МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя қилишга масъул шахс бўлгани ҳолда, фуқаро Y.ni ёлланма ишчи сифатида ишга қабул қилган. У “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 23- ва 25-моддалари талабларини бузиб, Й.ни технологик қурилмалар ва улар билан боғлиқ конструкциялар монтажчиси вазифасига тайинлаган.
Шунингдек, ходимни шартнома асосида йирик заводлардан бирининг ишлаб чиқариш цехидаги тайёр маҳсулотларни қадоқлаш омборига демонтаж ишларини бажариш учун жалб этган. Ходим иш жараёнида хавфсизлик қоидаларига амал қилмаган ҳолда, баландлиги 18 метр бўлган учта қадоқлаш бункерининг таянч қисмларини безак ёрдамида кесган вақтда бункерлар қулаб тушган. Қурилманинг остида қолган ходим ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан юритилган жиноят иши Қўқон судида кўриб чиқилган. Судланувчи айбига тўлиқ иқрорлиги, жабрланувчининг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатгани, марҳумнинг дафн маросимларини ўтказгани, унинг рафиқаси ҳисоб рақамига кўп миқдорда пул қўйгани ва бошқа жиҳатларни инобатга олиб, суддан енгиллик сўраган.






