АсосийJamiyat

Энди Черногорияга боришда Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб этилмайди

'Энди Черногорияга боришда Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб этилмайди'ning rasmi

Бугун, 25 апрель куни Тошкент шаҳрида WORK SHOP MONTENEGRO 2023 – Ўзбекистон ва Черногория давлатлари туризм тадбиркорларининг икки томонлама очиқ мулоқоти ўтказилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.

Тадбир Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” компанияси ва Черногориянинг “R-Tours Budva” компаниялари ташаббуси билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов, икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.

“Бугунги кунда туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни ўсиб бормоқда. Буни ўтган йилда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 5,2 млн. нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 1,6 млрд. АҚШ долларидан ошганидан ҳам билиш мумкин. Жорий йилда Европадан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сони кескин ортиши кутилмоқда. Бунда Черногория давлати билан туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатларимиз ҳам алоҳида ўрин тутади.

Биз Черногория давлатида юртимизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганлигини қадрлаймиз ва уларни мамлакатимизда кўришдан мамнун бўламиз”, деди Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов.

Бу йил Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳлар сони 7 миллиондан ортиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунёга танитиш ва Европа давлатларидан кириб келувчи сайёҳлар сонини оширишда мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш ҳамда соҳанинг ўсиш суръатлари учун шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда 5 мингга яқин жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатмоқда, республика бўйича сайёҳларни қабул қилувчи ўринлар сони 100 мингдан ортди.

Маданият ва туризм вазирлиги соҳада меҳнат қилаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб қувватлаган ҳолда мамлакатимизда янги туризм йўналишлари фаолияти учун имкониятлар яратиб бериш устида иш олиб борилмоқда. Бу билан аҳолининг туризм маданиятини ошириш ва уларнинг сифатли дам олиши учун шароит яратилади.

Ушбу тадбирни ташкил этишда ташаббус кўрсатган “Prestige Travel”  компаниясига 2018 йилда асос солинган бўлиб, компания томонидан шу вақтга қадар Ўзбекистон учун янги йўналишларда авиарейслар қўйилишида муҳим ташаббуслар кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, “Prestige Travel”  компанияси томонидан 2018 йили Тошкентдан Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрига илк марта тўғридан-тўғри рейслар амалга оширила бошланди. Шунингдек, 2021 йил май ойида Мисрнинг энг йирик туристик марказларидан бири Ҳургада шаҳрига тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилган бўлса, шу йилнинг ўзида Ветнамнинг Пҳу Қуок оролига ҳам янги йўналиш очилди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг ёзида Ветнамдаги курорт шаҳарлардан бири ҳисобланмиш Нҳа Транг шаҳрига тўғридан-тўғри рейслар қўйилди.

Тадбирда айтилишича, “Prestige Travel”  компанияси томонидан 2023 йилнинг июнидан бошлаб, Черногорияга тўғридан тўғри рейслар амалга оширила бошланади, ва эътиборлиси, энди Черногорияга боришда Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб этилмайди.

    Бошқа янгиликлар